Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Корея ижодкорларининг адабий мулоқоти 
10:26 / 2024-10-02

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида мамлакатимиз ижод аҳлининг Корея Республикаси ёзувчи ва шоирлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Кореялик ижодкорлар пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонига ташриф буюриб, Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди. 

Ташриф аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Адиблар хиёбони, миллий адабиётимиз дарғаларининг ҳайкаллари, устоз адибларнинг ҳаёти ва фаолияти хусусида чет эллик меҳмонларга батафсил маълумот берилди. 

Ёзувчилар уюшмаси биносида китоблар ҳамда таниқли фотоижодкор Аҳмаджон Эргашев суратларидан иборат кўргазма ташкил этилди. 

Ижодий мулоқот давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ва бошқалар янгиланаётган Ўзбекистонда адабиёт, илм-фан, маънавият ва маърифат ривожига устувор аҳамият қаратилаётгани, турли миллат ва элат вакилларининг эркин, самарали ижод қилиши учун барча шароитлар яратилганини таъкидлади. 

– Бундай ижодий учрашувлар адабий алоқаларни янада юксалтиришга хизмат қилади, – деди Сирожиддин Саййид. – Президентимизнинг “Адабиёт – халқнинг юраги” деган сўзларини бугун ижод аҳли ўз фаолиятимиз учун шиор қилиб олганмиз. Европа давлатлари, АҚШ, туркий давлатларда ҳам уюшманинг фахрий аъзолари бор. Бу учрашувимиз Ўқитувчи ва мураббийлар кунига ҳамоҳанг ўтказилаётганида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Зеро, ёзувчи ва шоирлар ҳам устоз-муаллимлардир. Улар ҳам ўз асарлари билан ёш авлодни маърифат сари етаклашда ўқитувчилар билан елкама-елка иш олиб бормоқдалар. Айтиш керакки, уюшмамиз аъзолари турли миллат вакилларидан иборат бўлиб, улар орасида корейс миллати вакиллари ҳам борлиги эътиборга моликдир. 

Ҳамкорлик учрашувида ўзбек ва корейс маданиятини тараннум этувчи бадиий мусиқий чиқишлар намойиш этилди. 

– Мен Ўзбекистон ҳақида бир нечта китоблар ёздим, – деди кореялик ёзувчи ва журналист Чо Чёл Хён. – Бу китоблар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, унинг ташаббуси асосида мамлакатингизда кечаётган янгиланиш жараёнлари, бу заминда истиқомат қилаётган корейс диаспораси, мамлакатнинг ўзига хос миллий қиёфаси, тараққиёт одимларига бағишланади. Бундай адабий алоқалар ёзувчи ва шоирларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг тобора кенгайишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. 

Адабий анжуманда хорижий меҳмонлар томонидан эътироф этилганидек, 1937 йилда Ўзбекистонга кўчириб келинган корейслар табаррук заминимизда бошпана, ризқ-насиба, иккинчи Ватанга эга бўлдилар. Энг оғир ва синовли йилларда ўзбек халқи улар билан сўнгги бурда нонини баҳам кўрди, энг асосийси меҳр ва яхшилик кўрсатди. Бугун мамлакатимизда ижод қилаётан зиёлилар сафида корейс миллатига мансуб ижодкорлар ҳам бисёр. 

– Ўзбек халқи билан фарқли жиҳатлардан кўра, ўхшаш томонларимиз жуда кўп, – деди ўзбекистонлик ёзувчи ва журналист Владимир Ким. – Бу ўхшашлик катталарга ҳурмат, меҳнатсеварлик, анъана ва қадриятларга содиқликда яққол кўзга ташланади. Биздан меҳрини дариғ тутмаган Ўзбекистон фуқароси, шу юртнинг фарзанди эканимдан жуда фахрланаман. 

Адабий мулоқот давомида ўзбек ва корейс шоирларининг ижодидан намуналар икки халқнинг она тилларида янгради. Ўзбекистонлик санъаткорлар ижросида икки халқнинг қўшиқлари айтилгани тадбир иштирокчиларига янада кўпроқ завқ, ҳайрат бағишлади. 

Эътиборга молик жиҳати, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида кореялик журналист ва ёзувчилар, шоирлар билан учрашувлар доимий ўтказилади. Корея Республикасининг Кванжу шаҳрида ўтказилган ёзувчиларнинг IX халқаро конгрессида ўзбекистонлик адиблар иштирок этди. Корея Республикасидаги Марказий Осиё маркази томонидан ўзбек ёзувчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Муҳаббат Йўлдошеванинг “Менинг булут дўстларим” китоби бир йўла ўзбек, корейс, инглиз, рус тилларида чоп этилди. Буларнинг бари адабий алоқаларимиз тобора кенгайиб, мустаҳкамланиб бораётганини яна бир бор кўрсатмоқда. 

Анжуман доирасида икки халқ ёзувчилари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги истиқболлари белгиланди. 

Меҳмонлар пойтахтимиздаги янгиланиш жараёнлари билан танишиб, диққатга сазовор масканлар, тарихий обидаларга саёҳат қилди. 

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири