Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Корея энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
15:19 / 2025-05-28

Бугун пойтахтимизда Биринчи Ўзбекистон – Корея халқаро энергетика форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги, Корея энергетика агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда икки томон масъуллари, Тошкент шаҳридаги Аджу университети, Корея иқлим ўзгариши институти, Энергетика мутахассисларини тайёрлаш маркази соҳа мутахассислари, тадқиқотчи-олимлар ва манфаатдор ташкилотлар ходимлари иштирок этди. 

Унда Энергетика вазири котибияти бошлиғи Бекзод Исмоилов, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён ва бошқалар томонлар ҳамкорлиги  энергетика соҳасида инновацион ва барқарор энергия ечимлар татбиқ этиш, илмий-тадқиқот институтлари ўртасида мулоқотни ўрнатишга кенг йўл очишини қайд этди.  

Таъкидланганидек, мазкур форум Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳамда Корея энергетика агентлиги ўртасида “Энергия самарадорлиги, қайта тикланувчи энергия манбалари соҳаларида иқлим ўзгаришига қарши ҳамкорликни ривожлантириш бўйича” имзоланган англашув меморандумида белгиланган устувор вазифалар ижросига қаратилган.  

Форумнинг асосий мақсади томонларнинг энергетика соҳасидаги эришилган ютуқларини тарғиб қилиш, шунингдек, Ўзбекистон энергетика соҳасидаги ислоҳотлар, соҳадаги технологияларни кореялик манфаатдор томонларга намойиш этиш, илмий-тадқиқот институтлари ўртасида мулоқотни ўрнатиш, барқарор ривожланиш ҳамда энергетик ўтишнинг мақсадларига мувофиқ амалий бизнес ҳамкорликлар ва “яшил” инвестиция имкониятларини ўрганишдан иборат.  

– Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Корея энергетика агентлиги ҳамкорлигида ўтказилган форум икки мамлакатнинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Айтиш жоизки, 2019 йилдан буён Ўзбекистонда энергетика тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда: бозор механизмлари жорий этилди, хусусий ва хорижий инвестициялар жалб қилинди, қайта тикланувчи энергия манбалари ривожлантирилди. Охирги беш йилда соҳага 25 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритилди, қувватлар 50 фоизга оширилди. 4 гигаватт қуёш ва шамол электр станциялари, 300 мегаватт энергия сақлаш тизимлари ишга туширилди. 2030 йилгача  эса “яшил” энергия улушини 54 фоизга етказиш мақсад қилинган. Шу билан бирга, гидро электр станциялар қурилиб, юқори ва паст кучланишли электр тармоқлари модернизация қилинди. Бугунги кунда рақамлаштириш ва “ақлли энергетика” лойиҳалари амалга оширилмоқда. Мазкур форумда иштирокчилар шу каби соҳада эришилган натижалар ҳақида атрофлича фикр алмашди. Бу эса икки томон учун ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга имконият яратади, – деди Энергетика вазири котибияти бошлиғи Бекзод Исмоилов.  

Шунингдек, форумда икки давлат ўртасида технологик ҳамкорликни янада ривожлантириш, инвестицион шерикликни мустаҳкамлаш, соҳа мутахассислари алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда инновацион ва барқарор энергетика ечимларини тадқиқ этишга ҳам эътибор қаратилди. Бундан ташқари, форумда экологик тоза ҳамда самарали энергия тизимларига ўтиш масалалари муҳокама қилинди.  

[gallery-23626]

– Бугунги форум кореялик ва ўзбекистонлик энергетика соҳаси мутахассислари учун кўплаб йўналишларда ҳамкорлик қилишга ундайди. Биз Ўзбекистонда Энергетика мутахассисларини тайёрлаш марказини ташкил этганмиз. Ушбу марказ энергия соҳасида фаолият олиб бораётган мутахассислар учун ўқув ва таълим дастурларини амалга оширишга йўналтирилган. Форумнинг мақсади эса энергия соҳасида билим ва тажриба алмашишни истаган шахсларни қўллаб-қувватлаш, шу орқали Кореядан Ўзбекистонга инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилиш жараёнини жадаллаштиришдан иборат. Тадбирдан сўнг Корея томонидан тақдим этиладиган турли технологиялар амалий равишда жорий этилиши кўзда тутилган. Режаларимизга кўра, Корея Ўзбекистонда энергия соҳасини ривожлантириш учун катта миқдорда инвестиция киритишни мақсад қилган. Биз ушбу форумни мунтазам ўтказиб, билим ва тажриба алмашиш, аниқ лойиҳаларга инвестиция киритишда кўмаклашиб бориш ниятимиз бор. Шу боис, ушбу форум фақат назарий билим алмашиш билан чекланиб қолмасдан, балки энергия соҳасидаги аниқ бизнес лойиҳаларни амалга оширишда самарали платформа вазифасини бажаради, – деди Корея иқлим ўзгариши институти президенти Ён Вон Шин.  

Форум якунида томонлар ҳамкорликда лойиҳаларни татбиқ этиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш ва кадрлар салоҳиятини оширишга келишиб олди.  

Насиба Зиёдуллаева,  

Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА