Тошкент шаҳридаги Инха университетида “Ўзбекистон – Корея: Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Жанубий Кореянинг Давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Миллий ахборот агентлиги (NIA) ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда мамлакатимиздаги барча давлат идоралари - вазирлик, қўмита, агентликлар, хўжалик бошқаруви ташкилотлари, банклардан электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт йўналишига масъул бўлган раҳбар ўринбосарлари ва бошқарма, бўлим бошлиқлари, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг профессор-ўқитувчилари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди.
Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳасида Ўзбекистон ва Корея ўртасида билим ва тажриба алмашиш мақсадини кўзлаган форум давомида 2020 йилда икки томонлама имзоланган Меморандум доирасида 2021 йил айни йўналишда амалга оширилган ҳамкорликдаги лойиҳалар, Ўзбекистон-Корея экспертлар гуруҳи фаолияти натижаларига бағишланган тақдимотлар намойиш этилди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов таъкидлаганидек, электрон ҳукуматни ривожлантириш ва рақамли технологияларни кенг жорий этишда корхона, ташкилотлар кўмаги зарур бўлади.
[gallery-4830]
– Ишонч билан айтиш мумкинки, бугунги сарҳисоб форуми барча учун фойдали бўлиши билан бирга, фуқароларимиз турмуш тарзида замонавий ахборот технологияларини кенг қўллаш, давлат бошқаруви ва иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш йўлидаги ютуқларимиз учун пойдевор бўлиб хизмат қилади – деди Ш.Шерматов.
Форум доирасида “Сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси”, “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти рейтингида электрон ҳукумат ривожланиш даражасини яхшилаш”, “Ахборот технологиялари ўқув марказлари бошқариш тизимини такомиллаштириш ва интеграллаштирилган тизим яратиш” каби долзарб мавзулар бўйича видео, фото, слайд, инфографика ва бошқа кўринишларда тақдим этилган материаллар иштирокчилар томонидан алоҳида қизиқиш билан кутиб олинди.
Соҳада катта тажрибага эга бўлган кучли экспертлар ва мутахассисларнинг чиқишлари қизғин муҳокама, мунозарага сабаб бўлди. Анжуман қатнашчилари, айниқса, Чунгбук миллий университети компьютер технологиялари кафедраси профессори, ватандошимиз Азиз Насриддиновнинг Кореянинг сунъий интеллект сиёсати, мамлакатда сунъий интеллектга асосланган хизматларнинг амалда қўлланишига оид тақдимотини алоҳида диққат, эътибор билан кузатишди.
Тадбирда видеоконференция орқали иштирок этган олим тақдимотидан сўнг ўз ҳамюртларининг Ўзбекистонда сунъий интеллектни жорий қилиш истиқболи билан боғлиқ кўплаб саволларига жавоб қайтарди.
Умуман, мазкур ҳамкорлик форуми Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш йўлида қўйилган яна бир дадил қадам бўлди.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА мухбири