Ўзбекистон Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан кўп йиллардан бери самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Шу муносабат билан “Иссиқликтаъминоти” АЖ бошқарув раиси ўринбосари Алижон Ҳикматов JICA махсус маслаҳатчиси Акира Ишиҳара ҳамда Шаҳарсозлик ва лойиҳаларни бошқариш бўлими бош илмий ходими Аясе Язаки билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида иссиқлик таъминоти йўналишида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Ушбу учрашув дастлабки бўлиб, томонларга мавжуд салоҳиятни ўрганиш ва истиқболли йўналишларни белгилаш учун муҳим майдон бўлди.
JICA вакиллари Ўзбекистонда марказлашган иссиқлик таъминоти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошираётган тизим яратилганини юқори баҳолади.

Айни вақтда JICA мамлакатимизда энергетика ва коммунал хизматлар, сув таъминоти ва экология, транспорт, кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш, соғлиқни сақлаш ҳамда таълим тизимини такомиллаштириш каби йўналишларда қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) — Япония ҳукумати томонидан молиялаштириладиган ташкилот бўлиб, дунё миқёсида барқарор ривожланиш ва инсон капиталига инвестицияни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.
Ш. Маматуропова,
ЎзА