Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорлик доирасида қишлоқ инфратузилмаси ривожлантирилмоқда
14:27 / 2025-11-10

Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги узоқ йиллик ҳамкорлик доирасида мамлакат ҳудудларида ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятга эга қатор инфратузилмавий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Куни кеча Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасин бошчилигидаги делегация Наманган вилоятига ташриф буюриб, “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” ва “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳалари доирасидаги ишлар билан танишди.   

Унда икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишлари, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ижро ҳолати ҳамда келгусидаги қўшма дастурлар муҳокама қилинди. 

Наманган вилоятида бўлиб ўтган учрашувда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бирлаштирилган лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳи (БЛАОГ) директори Бобурбек Давлатов ҳамда маҳаллий ҳокимлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.   

Суҳбат чоғида жорий лойиҳаларнинг натижалари, уларни янада самарали давом эттириш масалалари таҳлил қилинди. Шунингдек, 2026-2029 йилларга мўлжалланган янги ижтимоий-иқтисодий дастурларни биргаликда амалга ошириш бўйича фикр алмашилди. 

Ташриф доирасида Нажи Бенхасин ва делегация аъзолари “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” ҳамда “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳалари амалга оширилаётган бир қатор объектларда бўлиб, қурилиш ва таъмирлаш ишлари жараёнини кўздан кечирди. Шу билан бирга, фойдаланишга топширилган объектларда аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишиб, маҳаллий аҳолининг фикр ва таклифларини тинглади. 

Чортоқ туманидаги “Юксалиш” маҳалласидан бошланган ташриф давомида делегация шаҳар ва қишлоқ ҳудудларидаги инфратузилмани яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишларга баҳо берди. Шунингдек, Поп туманидаги “Уч уйли” ва “Обиҳаёт” маҳаллаларидаги янгиланган ижтимоий объектлар кўздан кечирилди.   

– Обиҳаёт маҳалласида Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан тубдан таъмирланган 22-сонли мактабгача таълим ташкилоти тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Маълумот учун айтиш керакки, “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ҳозиргача 132 та маҳаллада 272 та объект қурилиб, шуларнинг 253 таси тўлиқ якунланган. Улар орасида 37 та мактаб, 16 та мактабгача таълим муассасаси, 3 та тиббиёт маскани, 740 километр ички йўл, 1,1 минг километр ичимлик суви тармоғи, 420 километр электр таъминоти линиялари ва спорт майдони мавжуд. Шу билан бирга, “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Чортоқ туманидаги 16 та маҳалланинг инфратузилмаси яхшиланмоқда. Хусусан, 72,5 километр ичимлик суви тармоғи қурилиши натижасида 120 мингдан ортиқ аҳоли соф ичимлик суви билан таъминланиши кўзда тутилган. Қалишох ва Арбоғиш маҳаллалари ҳудудидаги сув манбалари орқали қувурлар ўтказиш жараёнида қуёш ва сув оқими энергияси асосида ишлайдиган икки гидрогенератор ўрнатилиши режалаштирилган. Шунингдек, “Фурқат” истироҳат боғини реконструкция қилиш ҳамда шаҳарни замонавий тарзда ривожлантиришга қаратилган “urban upgrading” концепцияси асосидаги лойиҳалар устида ҳам ишлар давом этмоқда, –деди Б.Давлатов. 

Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур лойиҳалар натижасида 700 мингдан зиёд аҳолининг турмуш даражаси сезиларли равишда яхшиланиши кутилмоқда. Барча ишлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўмагида Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. 

Н.Зиёдуллаева, ЎзА