Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Италия атом энергетикаси соҳасида ҳамкорликни ривожлантиради
17:25 / 2025-10-23

Жорий йилнинг 20-22 октябрь кунлари “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев бошчилигидаги делегация Италиянинг Генуя шаҳрида амалий ташриф билан бўлди.

Амалий сафар давомида делегация Лигурия минтақаси раҳбари, Генуя администрацияси, Савдо палатаси, технологик олий ўқув юртлари ва Италия энергетика компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказди. 

“Ansaldo Energia” холдинги ва унинг атом энергетикаси технологияларига ихтисослашган компанияларидан бири - “Ansaldo Nucleare” компанияси раҳбарияти билан ўтказилган мулоқотда  томонлар Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш лойиҳасида технологик интеграция ва италиялик ҳамкорларнинг ёрдамчи тизимлари ечимларини мамлакат иқлимига мослаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Агентлик ахборот хизматига кўра, мазкур холдинг Европа энергетика секторида буғ ва газ турбогенераторларини лойиҳалаш, муҳандислик, ишлаб чиқариш ва етказиб беришда етакчи ҳисобланади. Италия АЭСлар учун хавфсизлик тизимлари ва дастурий таъминот ишлаб чиқиш, асосий ва ёрдамчи ускуналарни етказиб бериш бўйича катта тажрибага эга. Шунга кўра,  тадбирда ушбу холдинг компанияларини Ўзбекистонда АЭС қурилишини назорат қилиш ва самарали ёрдамчи ечимларни ишлаб чиқиш учун техник маслаҳатчи сифатида жалб қилиш имкониятлари юзасидан ҳам фикр алмашилди. 

Шундан сўнг “Ansaldo Nucleare” компанияси ишлатилган ядро ёқилғини бошқариш тизимлари ва радиоактив чиқиндилар билан ишлашда ҳамкорлик қилиш имкониятларини тақдим этди. 

Ўз навбатида, Италия томони миллий норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш, лицензиялаш ва атом соҳасида кадрлар тайёрлаш мақсадида қўшма илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ташкил этишга қизиқиш билдирди. 

Учрашув якунига кўра, томонлар ўзаро ҳамкорлик имкониятларини ўрганади.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА