Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Ироқ ўртасида савдо алоқалари 43 фоизга ўсди
12:16 / 2026-02-02

Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов Ироқ божхона хизмати раҳбари Самир Қосим Довуд билан икки томонлама учрашув ўтказди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ироқ ўртасида дўстона муносабатлар ва ўзаро ҳамкорликда янги давр бошланди. Хусусан, икки давлат ўртасидаги товар айланмаси ҳажми сўнгги икки йилда 43 фоизга ошди.

Ўзбекистондан асосан озиқ-овқат, тамаки ва кимё саноати маҳсулотлари Ироққа экспорт қилинаётган бўлса, ушбу давлатдан мамлакатимизга кўпроқ ёқилғи-энергетика ҳамда нефть маҳсулотлари импорт қилинмоқда.

Савдо ҳажмининг ўсиб бориши икки давлат божхона органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришни, энг аввало, ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини яратишни тақозо этади. Шу мақсадда учрашувда “Божхона ишида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида”ги битим лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистонда божхона органлари фаолиятини рақамлаштириш ва сунъий интеллектни қўллаш борасида эришилган натижалар, ЖБТнинг минтақавий мақомига эга Миллий кинология маркази, “PICARD” стандартлари бўйича халқаро аккредитациядан ўтган Божхона институти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Томонлар ўзаро савдода товарларнинг божхона расмийлаштирувини янада соддалаштириш, тадбиркорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш юзасидан ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-7 февраль кунлари Ўзбекистоннинг 200 нафарга яқин тадбиркорлари Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрида ўтказилаётган халқаро “Baghdad International Fair” кўргазмасида иштирок этмоқда.

Кўргазманинг “Made in Uzbekistan” миллий экспозицияси доирасида озиқ-овқат, тўқимачилик, енгил саноат, қурилиш материаллари, электротехника ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари намойиш этилмоқда.

Ш.Маматуропова, ЎзА