Олий Мажлис Сенатига Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Демия Ҳаддод ташриф буюрди.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Аъзамхўжаев билан учрашувда Ўзбекистон ва Иордания парламентлари ўртасида мулоқотни кенгайтириш, қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва бошқа соҳаларда тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Жорий йил февраль ойида Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги парламенти Сенати (Мажлис ал-Аъян) Раиси Файсал Акиф ал-Файез бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида эришилган келишувларни ўз вақтида амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Икки томонлама ҳамкорлик изчил ривожланмоқда, сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва парламентлараро алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди.
Томонлар икки мамлакатнинг савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлигини ривожлантириш юзасидан фикр алмашди.
Н.Абдураимова, ЎзА