English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Иордания ўртасида ушлаб бериш тўғрисидаги Битим ратификация қилинмоқда
14:15 / 2026-01-27

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Ҳукумати ўртасида ушлаб бериш тўғрисидаги Битимни (Самарқанд шаҳри, 2025 йил 26 август) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат ва конструктив мулоқот тамойилларига асосланиб, халқаро ҳамда минтақавий масалалар юзасидан яқин ҳамкорликни изчил ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда терроризм, экстремизм, иқтисодий жиноятлар ва уюшган жиноятчиликнинг турли кўринишларидан келиб чиқадиган хавф-хатарларнинг ортиб бораётгани давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мазкур соҳадаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Жиноятчиликка қарши курашишда давлатлараро ҳуқуқий ёрдамни йўлга қўйиш ва уни тизимли равишда амалга ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.

Ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси билан Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги ўртасида ушлаб бериш масалалари бўйича шартномавий-ҳуқуқий асос мавжуд эмас эди. Бу эса икки томонлама ҳамкорлик имкониятларини муайян даражада чеклаб келган.

Муқаддима ҳамда 23 та моддадан иборат мазкур Битимда жиноят содир этган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ёки уларга нисбатан чиқарилган ҳукмни ижро этиш мақсадида ушлаб беришнинг тартиби, асослари ва шартлари белгилаб қўйилган. Шунингдек, томонларга ушлаб беришни рад этиш ҳуқуқи ҳам берилган.

Битимнинг кучга кириши натижасида Ўзбекистон ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасида жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўриб чиқиш самарадорлиги ошади. Шунингдек, жиноят содир этган шахсларнинг жазодан қочиб қутулишига йўл қўймаслик, яъни жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА