Ҳонг Конг — Осиёдаги энг ривожланган ва замонавий мегаполислардан бири бўлиб, у нафақат молиявий марказ, балки жаҳон туризмининг машҳур нуқтаси ҳамдир. Ҳар йили миллионлаб туристлар Ҳонг Конгга келиб, унинг маданияти, табиати ва савдо нуқталаридан баҳраманд бўлади.
Жорий йилнинг 12-15 июнь кунлари Ҳонг Конг кўргазмалар марказида ўтказилган Осиёнинг энг йирик сайёҳлик кўргазмаси - "ITE Hong Kong 2025"да Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари тақдим этилди.

Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилган миллий стенд кўргазмадаги энг ёрқин ва эсда қоларли павильонлардан бирига айланди. Унда мамлакатимизнинг бой маданий мероси, анъанавий халқ ҳунармандчилиги, шунингдек, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятининг ранг-баранглиги ва бетакрорлигини акс эттирувчи замонавий сайёҳлик йўналишлари намойиш қилинди.

Кўргазмага Осиё ва дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан келган сайёҳлик агентликлари, авиакомпаниялар, инвесторлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ташриф буюрди. Ўзбекистон стенди ўзининг мазмунли тақдимоти, миллий мусиқаси, шунингдек, шарқона меҳмондўстлик руҳини акс эттирувчи жонли муҳити билан кенг қизиқиш уйғотди.

Кўргазма доирасида халқаро ҳамкорлар билан ишбилармонлик учрашувлари ва музокаралар ўтказилди. Хусусан, Ҳонг Конг маданият ва туризм қўмитаси раиси билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Ҳонг Конг ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда сайёҳлик алмашинувини кенгайтириш истиқболлари муҳокама этилди.

Қайд этиш лозимки, Ҳонг Конг иқтисодиётида туризм муҳим ўрин тутади. Мамлакатда меҳмонхона туризми, умумий овқатланиш, савдо ва транспорт соҳаларига эътибор қаратилади. Туризм орқали кўплаб иш ўринлари яратилади. Тадбир давомида Ўзбекистон ва Ҳонг Конг ҳамкорлигида туризм соҳасида янги ривожланиш йўналишлари, экотуризм ва маданий туризмни ривожлантириш, электрон туризм хизматларини (e-tourism) такомиллаштириш ҳамда саломатлик ва дам олиш туризмини янада яхшилаш масалаларида келишувларга эришилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА