Ўзбекистон ва ХМТ: ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимояси кучайтирилади
Ўзбекистон Сенати Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия раиси Танзила Норбоева Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Меҳнат конференциясида иштирок этиш учун Швейцариянинг Женева шаҳрига ташриф буюрди.
Ташриф давомида ХМТ меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюроси директори Мария Хелена Андре билан учрашув ўтказилди. Ўзаро мулоқотда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
ХМТ билан ҳамкорликда ўқув дастурларини йўлга қўйиш орқали касаба уюшмалари мутахассисларининг малака ва салоҳиятини ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистонда тадбиркорликнинг фаол ривожланаётгани, иқтисодиётда хусусий секторнинг улуши ортиб бораётгани ва халқаро брендлар томонидан Ўзбекистон бозорига қизиқиш кучаяётгани муносабати билан хусусий корхоналарда касаба уюшмалари ҳаракатини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА