Бугун “Ўзэлтехсаноат” уюшмасида Хитойнинг “China Electrical Equipment”, “China Huadian Overseas Investment” ва “Poly Changda” нуфузли энергетика компаниялари вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда уюшма ахборот хизмати маълум қилди.
Унда Ўзбекистон томонидан Энергетика вазирлиги, “Ўээлтехсаноат” уюшмаси ҳамда мамлакатда кабель маҳсулотлари ишлаб чиқараётган етакчи корхоналарнинг вакиллари қатнашди.
Унда томонлар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш салоҳиятини ошириш, миллий энергетика тизимини ривожлантириш ва хусусий ҳамда халқаро шерикликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Музокараларда Жиззах вилоятининг Фориш туманида барпо этилиши мўлжалланаётган 500 МВтлик қуёш электр станцияси лойиҳаси ҳамда келгусида альтернатив энергетика соҳасида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар доирасида ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан кооперация асосида кабель маҳсулотларини етказиб бериш, технологияларни маҳаллийлаштириш ва логистика жараёнларини самарали ташкил этиш имкониятлари муҳокама этилди.
Томонлар Ўзбекистондаги йирик энергетика лойиҳаларида маҳаллий саноат маҳсулотларидан кенг фойдаланиш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли шерикликни йўлга қўйиш зарурлиги борасида ўзаро фикр алмашди.
Учрашув якунида аниқ амалий режалар белгилаб олинди.
Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА