Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Хитой университетлари ўртасида қўшма тадқиқот маркази очилади
17:24 / 2025-06-04

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Хитой Халқ Республикаси Сиан Жисмоний тарбия университети ўртасида бир қанча спорт турларини ривожлантириш, илмий лойиҳаларни биргаликда олиб бориш бўйича қўшма тадқиқот маркази ташкил этилади.

Бу ҳақда бугун, 4 июнь куни Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида Хитой Халқ Республикаси Сиан Жисмоний тарбия университети котиби Лиу Зи Ши бошчилигидаги делегация аъзолари билан мулоқот чоғида айтиб ўтилди.

Учрашув давомида икки олий таълим муассасаси ўртасида ўрнатилган халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, илмий тадқиқотлар, семинар ва мусобақалар ҳамда қўшма дастурларни амалга ошириш каби муҳим масалалар юзасидан фикр алмашилди. Олийгоҳлар фаолиятига оид тақдимотлар кўпчиликка манзур бўлди.

Алоқаларни ривожлантириш, шу билан бирга халқаро спорт таълими ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси учун Сиан Жисмоний тарбия университети котиби Лиу Зи Шига Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети "Фахрий профессор"и унвони берилди.

Хитойлик спорт таълими мутахассислари Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун яратилган шароит, спорт иншоотлари ҳамда илмий лабораториялар фаолияти билан танишди.

Т.Рўзиев, ЎзА