Пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида Хитой Халқ Республикасининг туризм сектори вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.
Мазкур йиғин Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини Хитойда тарғиб қилиш ва икки мамлакат туризм саноати вакиллари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга бағишланди.
Юртимизнинг “Travel Together” ва Хитойнинг “Fei Jing Tourism” компаниялари ташаббуси билан Туризм қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат ва хусусий сектор вакиллари, хорижий инвесторлар, шунингдек, икки давлатнинг етакчи меҳмонхона брендлари ва туризм компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
- Ўтган йил ХХРдан ўлкамизга 45 мингга яқин саёҳатчилар кириб келган, жорий йил эса бу кўрсаткич бир неча карра ортиши кутилмоқда, - деди “Fei Jing Tourism” компанияси раҳбари. - Бунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида туризм соҳасида йўлга қўйилаётган икки томонлама муносабатларимиз ҳам алоҳида ўрин тутади. Хитой давлатида юртингизнинг тарихий масканлари, бой маданий мероси ва гўзал табиати билан яқиндан танишиш мақсадида бўлганлар сони ортиб бораётганини қайд этишим лозим.
- Хитойдан Ўзбекистонга кириб келувчи сайёҳлар сонини кескин кўпайтириш мақсадида янги лойиҳалар устида иш олиб боряпмиз, - деди “Travel Together” компанияси асосчиси Бобур Мирзааҳмедов. - Шу билан бирга, мамлакатимиз аҳолиси учун ҳамёнбоп тур-пакетлар ишлаб чиқиш ва уларнинг сифатли саёҳатларини ташкил этиш борасида янги лойиҳаларни йўлга қўйганмиз.
Форум давомида ташкил этилган Ўзбекистон ва Хитой ишбилармон доира вакилларининг B2B форматидаги учрашувларида иштирокчилар туризм соҳасининг бугунги ҳолатини муҳокама қилишди, ҳамкорликнинг янги имкониятлари ўрганилди.
– Бу йил Ўзбекистонга ташриф буюрувчи хорижлик сайёҳатчилар сони 10 миллиондан ортиши кутилмоқда, -дея хабар берди Туризм қўмитаси матбуот хизмати ходими Умарбек Эсонмуродов. – Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини дунёга танитиш ва Шарқий Осиё давлатларидан кириб келувчи туристлар сонини оширишда имкониятларимиз етарли.
Тадбир Ўзбекистон ва Хитой сайёҳлик компаниялари ўртасида бир қатор шартнома ва англашув меморандумларини имзолаш маросими билан якунланди.
Беҳруз Худойбердиев,
ЎзА