Ўзбекистон тўқимачилик саноати мамлакат иқтисодиётининг энг муҳим тармоқларидан бири бўлиб, унинг рақобатбардошлигини ошириш ва халқаро бозордаги мавқеини мустаҳкамлаш учун янги технологиялар ва инвестициялар жалб этиш жуда муҳимдир.
Шу сабабли, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ушбу соҳани янада ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва саноатни модернизация қилиш чора-тадбирларини кўрмоқда.
Яқинда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси делегациясининг Хитой Халқ Республикасига ташкил этилган хизмат сафари ҳам ана шундай ислоҳотлар билан боғлиқ.
Делегация ташриф давомида Гонконг ва Кечяо шаҳарларида Хитой томони вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди. Хусусан, икки томон тўқимачилик ва трикотаж саноатини ривожлантириш, инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда замонавий технологиялар алмашинувига алоҳида эътибор қаратди.

Гонконг шаҳрида “Wong Sun Hing Group” компанияси раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон тўқимачилик соҳасидаги имкониятлар, давлат томонидан тақдим этилган имтиёзлар ҳамда янги инвестиция лойиҳалари ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, “Ўзбекистон-Хитой” бизнес-форуми ва B2B учрашувларда Хитойнинг етакчи молия институтлари билан ҳамкорлик қилиш, лойиҳаларни молиялаштириш, кредит линиялари очиш ва инвестиция жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Кечяо шаҳрида эса “KEDE” компанияси билан бўяш ва сув тозалаш иншоотлари соҳасидаги ҳамкорлик бўйича музокаралар ўтказилди. Томонлар Ўзбекистондаги бўёқхоналарнинг техник имкониятлари ва эҳтиёжларини муҳокама қилиб, бўёқхона ускуналарини модернизация қилиш ҳамда марказлашган сув тозалаш иншоотларини ташкил этиш бўйича лойиҳаларни ривожлантиришга келишиб олди.
Уюшма ахборот хизматига кўра, делегациянинг Хитойга ташрифи янги инвестиция ва технологиялар ҳамкорлиги йўлида муҳим қадам бўлиб, икки давлат ўртасидаги саноат соҳасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш имконини яратди. Бу каби ўзаро алоқалар Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг замонавийлашуви ва халқаро бозорда рақобатбардошлигини оширишда катта аҳамиятга эга.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА