Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар кўплаб стратегик йўналишлар, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам фаол ривожланмоқда. Хитойнинг илғор технологияларидан фойдаланиш, ер ресурсларини бошқаришда инновацион ёндашувларни жорий этиш ва юқори самарадорликка эришиш икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров Хитойнинг “China Siwei Surveying and Mapping Technology Co, Ltd.” компанияси бош директори жаноб Зҳанг Хиаодонг бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди. Унда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида қишлоқ хўжалигида ер ресурсларини масофадан зондлаш технологияларидан фойдаланиш бўйича янги имкониятлар кўриб чиқилди.
Мақсад “Бир макон, бир йўл” ташаббуси ва “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва ушбу соҳадаги амалий масалаларни муҳокама қилишдан иборат.

Мулоқот чоғида жаноб Зҳанг Хиаодонг Хитойнинг юқори ва ультра юқори аниқликдаги масофадан зондлаш йўлдошлари имкониятлари, турли соҳалар учун амалий ечимлар ҳамда техник ўқув дастурлари ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муаммоларни самарали ҳал қилишда масофадан зондлаш технологияларини қўллаш бўйича ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Хусусан, экин майдонларининг мониторинги, ҳосилдорликни баҳолаш, сув ресурсларини бошқариш ва фавқулодда вазиятларни прогноз қилиш имкониятлари кўриб чиқилди. Якунда, технологияларни қишлоқ хўжалиги соҳасида қўллашни кенгайтириш, техник ўқув дастурларини ташкил этиш, инновацион лойиҳаларни йўлга қўйишни жадаллаштириш бўйича келишувларга эришилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА