Пекин шаҳрида Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикаси Таълим вазирлиги томонидан Ўзбекистон–Хитой таълим форуми ташкил этилди. Форумда Ўзбекистон томонидан 37 та, Хитой томонидан 110 та етакчи олий таълим муассасаси ректорлари иштирок этди.
Форумни Хитой Таълим вазири ўринбосари Чен Сзе, Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов очиб берди. Тадбир ялпи мажлис ва 4 та панель сессиядан ташкил топди. Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари К.Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Таълим вазири ўринбосари Чен Сзе ўртасида учрашув ўтказилиб, томонлар ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Шунингдек, форум доирасида Ўзбекистон-Хитой олий таълим муассасаси раҳбарлари томонидан 4 та йўналишда – аниқ фанлар, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, АКТ, гуманитар фанлар, тиббиёт ва фармацевтикага бағишланган панель сессиялари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотларига кўра, тадбир давомида икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида 70 та икки томонлама ҳужжат имзоланди, 5 та олий таълим муассасалари ўртасида қўшма таълим дастурларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди. Мазкур қўшма таълим дастури асосида 300 нафардан ортиқ ўзбекистонлик талаба Хитойнинг илғор университетларида таҳсил олиш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, ўзбекистонлик 100 нафардан ортиқ талаба учун грант дастурларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Форумда Ўзбекистон ва Хитой олий таълим муассасалари ҳамкорлиги тўғрисида Пекин декларацияси қабул қилинди. Ушбу Декларация доирасида Хитой ва Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасида институционал платформа яратиш, Хитой-Марказий Осиё таълим ҳамкорлиги моделини шакллантириш, академик алмашинув дастурларини янада ривожлантириш, қўшма тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Форум доирасида аниқ фанлар, муҳандислик, АКТ, гуманитар фанлар, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида университетлараро учрашувлар ташкил этилди ва қатор ўзаро манфаатли келишувларга эришилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА