Ўзбекистон ва Хитой маданий ҳамкорлиги кенгаймоқда
Пекин шаҳрига ташриф доирасида Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раисининг биринчи ўринбосари Элмурод Нажимов Хитой халқаро маданий мулоқот маркази ҳамда Миллий санъат ва ҳунармандлик музейи раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Музокара якунида қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзоланди:
– маданият муассасалари ўртасида экспонат алмашинуви, ҳамкорлик ва биргаликда кўргазмалар ташкил этиш;
– музей ходимлари касбий маҳорати ва тажрибаси алмашинуви;
– илмий ва ўқув ашёлар бўйича ҳамкорлик;
– кўргазма ва нашриёт соҳасида ҳамкорлик юзасидан аҳдлашув.
Ҳужжатларни имзолашдан кўзланган мақсад мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алмашинувни ривожлантириш, дўстона муносабат ва мулоқотни мустаҳкамлаш, шунингдек, илмий тадқиқот ва ижтимоий таълимни қўллаб-қувватлаган ҳолда, икки мамлакатнинг бой тарихи, маданиятини асраб-авайлаш ва намойиш этиш имкониятини яратишдан иборат.
Б.Худойбердиев, ЎзА