Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигида чарм-пойабзал йўналишида умумий қиймати 114,3 млн. долларлик лойиҳа амалга оширилади
17:57 / 2024-01-22

Маълумки, сўнгги 6 йил ичида Ўзбекистон чарм-пойабзал саноатида сезиларли ўсишлар кузатилди. Энг муҳими Осиё минтақасида “Made in Uzbekistan” бренди остидаги чарм-пойабзал маҳсулотлари ишончли тарзда ўз ўрнини топди.

Эътиборлиси, юртимизда ишлаб чиқарилаётган чарм-пойабзал  кўпчилик, жумладан, минтақанинг етакчи ишлаб чиқарувчи давлатлари билан рақобатлаша бошлади. Шу билан бирга, чарм-пойабзал маҳсулотлари экспорти 2017 йилдаги 85 миллион доллардан 2022 йилда 460 миллион долларга етди. 2023 йил охирига келиб бу кўрсаткич 600 миллион долларга етди.  

Бугунги кунда Ўзбекистон чарм-пойабзал саноати Марказий Осиё ва МДҲ да етакчилардан бири ҳисобланади.  

Сўнгги йилларда мамлакатимизда Хитой билан чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасидаги ҳамкорлик янги йўналишларда ривожлантирилади. “Ўзчармсаноат” уюшмасининг ЎзА га берган маълумотига кўра, сўнгги беш йилда давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан яратилаётган кенг имкониятлар ҳамда уюшма кўмаги сабаб, қатор маҳаллий корхоналар Хитой компаниялари билан чармсаноат соҳасида умумий қиймати 106,7 миллион долларлик қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширди.  

Мисол учун, «PENG SHENG» МЧЖ ҚК  Сирдарё вилоятида Хитойнинг «Wenzhou Jinsheng Trade Co Ltd» компанияси билан ҳамкорликда “Жиззах ЭИЗ ҳудудида чарм маҳсулотлари, пойабзал, озиқ-овқат желатин ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш” инвестиция келишувига асосан йиллик ишлаб чиқариш қуввати 200,0 минг жуфт пойабзал, 40,0 млн.кв.дм.чарм 20,0 млрд. сўмлик чарм маҳсулотлари ва 5 минг тонна озиқ-овқат желатини ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳаларни амалга оширди. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 22,7 млн. АҚШ долларини ташкил этади.  

«Tata shoes»  МЧЖ Хитой капиталини жалб этиш хисобига Тошкент вилоятида йилига 300 минг.жуфт пойабзал ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонани ишга туширди. Лойиҳа қиймати 14,8 млн.АҚШ долларини ташкил этади.  

Шунингдек, «Shi Feng Xieye» МЧЖ Хитой капиталини жалб этиш хисобига Тошкент вилоятида йилига 200 минг.жуфт пойабзал ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонани ишга туширди. Лойиҳа қиймати 2,1 млн.долл.ташкил этади.  

«Sino International Invest» ҚК Хитой капиталини жалб этиш хисобига Андижон вилоятида «NIKE» бренди остида спорт пойабзалларини ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга туширди. Йиллик қувват 3,5 минг жуфтни ташкил этади. Лойиҳа қиймати 12,5 млн. долларга етди.  

«Jia En» МЧЖ  Хитой капиталини жалб этиш хисобига умумий қиймати 3,0 млн.долл.бўлган йиллик қуввати 500 минг жуфтни ташкил этувчи аёллар пойабзалларини ишлаб чиқарувчи корхонани ишга тушрди. Корхона Андижон вилоятида жойлашган.  

Эътиборли жиҳати шундаки, ўзаро манфаатли икки томонлама ҳамкорлик сабаб чарм -пойабзал йўналишида умумий қиймати 114,3 млн. долларлик 6 та инвестиция лойиҳа 2024-2026 йилларда амалга ошириш режалаштирилган. Масалан, Сирдарё вилоятида «PENG SHENG» ҳамда Хитойнинг «Wenzhou Jinsheng Trade Co Ltd» компанияси ҳамкорликда чиқиндисиз технологиялар асосида йирик шохли қорамол терисини қайта ишлаш натижасида желатин, коллоген, протеин ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга туширади. Лойиҳа қиймати 12,3 млн. долларни ташкил этади.  

Бундан ташқари, «JIAXIN» компанияси ва инвестор “Veng Yubiao” билан ҳамкорликда пойабзал учун  тагликлар ва хом ашё ишлаб чиқариш лойиаҳасини амалга оширади. Лойиҳа қиймати 1 млн. АҚШ долл. ташкил этади.  

Уюшма томонидан экспорт ҳажмини ошириш мақсадида мунтазам маркетинг тадқиқотлари олиб борилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг рақобатбардошлиги баҳоланмоқда. Тармоқнинг экспорт салоҳиятини, унинг рақобатдош устунликлари динамикасини, жаҳон бозори конюнктураси ва тармоқ устуворликларини аниқлаш учун таҳлил қилиб борилмоқда.  

Маҳаллий чарм, пойабзал, чарм буюмлар ишлаб чиқарувчиларни ташқи бозорда қўллаб-қувватлаш ва экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлаш мақсадида  2018 йилдан буён уюшма “China International Import Expo», «APLF Leather Materials», «Shanghai Shoe Expo» ва бошқа халқаро кўргазмаларда мунтазам иштирок етиб келмоқда.

Корхоналар фаолияти учун қулай ва шаффоф муҳит яратишда тармоқ бирлашмаларининг роли муҳим бўлиб, уларнинг самарали ўзаро ҳамкорлиги мамлакатлараро савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларини биргаликда ҳал етиш имконини беради.  

Ўзбекистон Республикаси билан Хитой халқ республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасида амалга оширилган ишлар натижаларига кўра, чарм-пойабзал маҳсулотлари экспорт тузилмасига назар ташлайдиган бўлсак, 2019-йилда 101,6 миллион AҚШ долларини ташкил етган бўлса, 2023 йил якунига кўра бу кўрсаткич 175,0 миллион AҚШ долларини ташкил етди.  

Қувонарлиси, Ўзбекистоннинг  Хитойга чарм-пойабзал маҳсулотлари экспорт қилувчи корхоналари 30 тага етди. Айни вақтда Хитой брендларини (“Xtep”, “Anta Sports Produkts”, “Peak Sports Produkts” “361 Degrees”, “Li-Ning”, “Belle”, “Red Dragonfly”) «аутсорсинга» ва «франчайзинга» асосида ҳамкорлик қилиш, буюртмалар олиш ва Ўзбекистонга жалб этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.  

Ўзбекистон делегациясининг Хитой халқ республикаси расмий ташрифи чоғида “Ўзчармсаноат” уюшмаси ва (Wenzhou Footwear and Leather Industry) Венчжоу пойабзал ва чарм саноати уюшмаси вакиллари чарм саноати соҳасида икки томонлама алоқаларни йўлга қўйиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди.  

Шунингдек, “Ўзчармсаноат” уюшмаси қошидаги “Чарм ва пойабзал дизайн маркази” ва «Zhejiang Donnor Exhibition” компанияси ўртасида Хитой компанияларининг «UzCharmExpo-EurAsia»-2024 халқаро кўргазмасида иштирок етишини таъминлаш ва Хитой миллий павилонини яратиш  бўйича музокаралар олиб борилди. Мулоқот якунлари бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.  

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон-Хитой ўртасида чарм-пойабзал саноатида кооперация алоқаларини ривожлантириш, ташқи савдо айланмасини янада ошириш мақсадида янги воситалар ва механизмларни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш юзасидан қарорлар қабул қилинди. Бу ўз навбатида давлатларимиз ўртасида саноатни ва савдо-иқтисодий алоқаларни янада рағбатлантиришга хизмат қилади.  

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА