Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Хитой геология соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
16:43 / 2025-08-21

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида Хитойнинг "JDB Group Limited" компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Икки томон масъуллари ва мутахассислар иштирок этган тадбирда тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсупов ҳамда "JDB Group Limited" компанияси раиси ўринбосари Чан Ман Ин ўзаро ҳамкорлик истиқболлари хусусида тўхталиб ўтди.

Урал Юсупов таъкидлаганидек, бугунги учрашув геология соҳасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим қадам бўлди. Ўзбекистон хорижий инвесторлар учун очиқ ва барқарор ҳамкор сифатида майдон яратаётганини яна бир бор намоён этмоқда.

Учрашув жараёнида Ўзбекистонда хорижий инвесторлар ва ер қаъри фойдаланувчилари учун яратилган қулай шарт-шароитлар, шунингдек, геология соҳасида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш йўналишлари кенг муҳокама қилинди.

Чан Ман Ин эса ўз сўзида Ўзбекистоннинг геология соҳасидаги улкан имкониятларини юқори баҳолади. Ушбу ҳамкорлик нафақат икки томон учун, балки бутун минтақадаги иқтисодий тараққиёт учун ҳам хизмат қилади.

Таъкидланишича, мамлакатимизда қатор ҳудудларда истиқболли майдонларни ўрганиш ва уларни ўзлаштириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан "JDB Group Limited" компанияси вакиллари Ўзбекистоннинг бир қатор минтақаларига ташриф буюриб, жойларда ўрганиш ишларини олиб борган. Учрашувда шу тажрибалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Шу билан бирга, икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида вазирлик ва компания ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Унга кўра, истиқболли майдонларни ўзлаштириш ва геология соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.

Учрашув сўнгида томонлар геология ва тоғ-кон саноатида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда инвестиция муҳитини янада такомиллаштиришга тайёрлигини билдирди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА