Мазкур икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда жадал ривожланиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Айниқса, ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳамжиҳатлик икки давлат иқтисодий алоқаларининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳамда Хитойнинг “CNPC” корпорацияси раиси Дай Хоулян бошчилигидаги делегация аъзолари ўртасида ўтказилган учрашув ҳам навбатдаги амалий қадамдир.
Учрашувда нефть-газ соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, янги ташаббусларни илгари суриш ва кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар сўнгги йилларда икки давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувлар ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққани, айниқса, энергетика соҳасидаги қўшма лойиҳалар муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Жорий йил 2 сентябрь куни Пекин шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев Хитой миллий нефть-газ корпорацияси раиси Дай Хоулянни қабул қилган эди. Қайд этилганидек, мазкур учрашув натижалари икки томонлама ҳамкорликни амалий босқичга ўтказиш йўлида муҳим аҳамият касб этди.
Шунингдек, музокараларда “Марказий Осиё - Хитой” газ қувури қурилиши, Бухоро вилоятидаги газ конденсат конларини ўзлаштириш, газни ер остида сақлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, соҳада юқори малакали мутахассислар тайёрлаш борасидаги истиқболли йўналишларга урғу берилди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, ушбу учрашув икки мамлакат ўртасида нефть-газ соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни самарали амалга ошириш учун янги имкониятлар эшигини очишда муҳим ўрин тутади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА