Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Ҳиндистон маданий-академик ҳамкорликнинг янги босқичида
17:09 / 2025-11-15

Нью-Деҳлида Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистон маданий алоқалар кенгаши (ICCR) бош директори К.Нандини Сингла билан музокара ўтказди. Учрашув чоғида кўп қиррали маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий ишлар муҳокама қилиниб, шерикликнинг янги босқичи белгилаб олинди.

Ўтган йилларда амалга оширилган муваффақиятли лойиҳалар, хусусан ҳиндистонлик томошабинларга маъқул келган “Сабо” рақс ансамбли ва “Сўғдиёна” халқ чолғу асбоблари оркестри гастролларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга томонлар маданият ва илм-фан соҳасида қўшма фаолиятни кенгайтириш учун улкан салоҳият мавжудлигини таъкидладилар.

— Биз шунчаки шериклар эмас, балки умумий маънавий илдизлар билан боғланган халқлармиз, — дейди элчи Сардор Рустамбоев. —Маданият доим муносабатларимизни мустаҳкамлайдиган, озиқлантирадиган муҳит бўлиб келган.

Мезбонлар ҳинд диёрида мамлакатимизнинг етакчи рақс жамоалари, анъанавий ўзбек қўшиқлари ижрочилари гастролларини ташкил этиш, тасвирий ва амалий санъат кўргазмаларини ўтказиш, шунингдек икки тилни ўрганиш лойиҳаларини кўпайтириш таклифини билдирди. Бундан ташқари ўзбекистонлик талабалар учун Ҳиндистондаги олий таълим муассасаларида қўшимча ўрин ажратиш, ихтисосликлар рўйхатини кенгайтириш имконияти ҳам кўриб чиқилди.

Жаноб Сингла маданий ва академик алоқалар ривожланиш суръатини юқори баҳолаб, янги лойиҳалар амалга оширишга тайёрлигини билдирди.  

Учрашув Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кўп асрлик дўстликни жўшқин мазмун билан бойитиш, узоқ муддатли ҳамда самарали маданий ҳамкорлик учун замин яратишга ўзаро интилишни тасдиқлади.

А.Алимова, ЎзА