Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Грузия Бош вазирлари учрашуви
21:43 / 2022-07-19

ЎзА аввал хабар берганидек, Грузия ҳукумати делегацияси расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди.

Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили бошчилигидаги ҳукумат делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Музокара чоғида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини сезиларли даражада ошириш учун етарли салоҳият борлиги, мазкур йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтириш кераклиги қайд этилди.

Таъкидланганидек, томонлар саноат кооперациясини ривожлантириш учун яхши имкониятга эга. Қолаверса, Грузия мамлакатимизнинг Жанубий Кавказдаги муҳим савдо-иқтисодий ҳамкорларидан биридир.

[gallery-7969]

Транспорт-логистика соҳасида ҳамкорлик фаол ривожланаётгани, юқори транзит салоҳияти мавжудлиги алоҳида таъкидланди.

Мулоқотда Ўзбекистон томони “Боку – Тбилиси - Карс” темир йўли ҳамда “Поти” ва “Ботуми” портлари орқали мультимодал транспорт ташувидан фойдаланишни кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.

Ўтган йил мамлакатларимиз пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри мунтазам авиақатнов тикланди. Бу ўзаро сайёҳлар оқимини тезлаштиришга хизмат қилмоқда. Грузия Ўзбекистон фуқаролари учун машҳур туризм йўналишларидан бирига айланмоқда. Ўз навбатида, юртимизнинг бой маданий ва тарихий мероси грузияликларни жалб қилади.

Ташриф доирасида Грузия делегацияси пойтахтимиздаги вазиятларни баҳолаш маркази, “Humo Arena” мажмуаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.

Б.Худойбердиев, А.Абдуллаев (сурат), ЎзА