Германиянинг Зиген шаҳридаги Халқаро тиллар институти (IFINS)да Ўзбекистон билан ҳамкорлик масаласига бағишлаб ташкил қилинган тадбирда ўқув юрти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар таркиби, талабалар, шунингдек мамлакатимиз элчихонаси ходимлари ва маҳаллий жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Институт директори Мина Вильгелм дастлаб мамлакатимиз IFINS учун яқин ҳамкорларидан бири ҳисобланиши, мавжуд ҳамкорлик доирасида кенг кўламли лойиҳалар амалга ошириш режалаштирилганига тўхталди. Унинг таъкидлашича, муассасада хорижлик талабаларга немис тилини А1 дан С1 гача даражада мажмуавий ўргатиш, шунингдек касбий тайёргарлик имкони бор.
Ўзбекистонлик битирувчилар эса Германияда ўқиш ва ишлаш бўйича тажриба билан бўлишди, ўқитувчилар ва маъмуриятга қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдирди.
Тадбир ўзбек рақслари ва миллий куй-қўшиқларимиз билан давом этди. Элчихонамиз кўмагида IFINS Тошкент шаҳри, Самарқанд, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги таълим марказлари билан ҳамкорлик йўлга қўйган. Келишувга асосан, имтиҳонларни муваффақиятли топширган абитуриентлар талабалик визасига эга бўлиб, Германиядаги коллеж, институт ёки касбий таълим дастури (Ausbildung) бўйича ўқишни давом эттириши мумкин. Бундан ташқари мутахассислар учун малака ошириш курслари ва ишга жойлашиш, жумладан тиббиёт соҳасида ишлаш имконияти кўзда тутилган. Ҳамкорлик режалари нафақат таълим, балки талабаларнинг академик муҳитга тез мослашишига қаратилган маънавий-сайёҳлик ташаббуслари, семинар, учрашув ва экскурсияларни ҳам қамраб олган.
IFINS шиори – “Ҳар бир талабага эътибор, ғамхўрлик ва самимий ёрдам”. Бугун институтда турли мамлакатлардан келган 1000 га яқин талаба, жумладан Германия олий ўқув юртларини тамомлаган ва мутахассислиги бўйича ишлаётган тахминан 60 нафар ўзбек ёшлари 40 турдаги интеграция ва тайёрлов курсида таҳсил олмоқда.
1972 йил асос солинган Зиген университети кучли илмий-тадқиқот базаси ҳамда муҳандислик ва ахборот технологияларидан тортиб ижтимоий ва гуманитар фанларгача кенг доирадаги таълим дастурлари билан машҳур. Масканда 14 000 дан зиёд талаба таълим олади, ўқитувчилар учун 9 та малака ошириш курси ишлаб турибди.
Азиза Алимова, ЎзА