Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Германия ўртасида иқлим хавфини бошқариш бўйича ҳамкорлик қилинади
15:36 / 2025-07-14

Иқлим хавфи табиий иқлим жараёнлари ёки иқлим ўзгариши натижасида юзага келадиган хавф-хатарлар бўлиб, у инсонлар ҳаёти, соғлиғи, иқтисодиёт ва табиатга салбий таъсир кўрсатади. Бунда энг аввало қишлоқ хўжалигини барқарорлаштириш, иқтисодий йўқотишларни камайтириш, табиий ресурсларни асраш ҳамда барқарор тараққиётни таъминлаш каби вазифаларни амалга ошириш талаб этилади.

Академик М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Германиянинг Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ўртасида “Марказий Осиёда иқлим хавфини бошқариш” лойиҳаси доирасида Англашув меморандуми (MoU) имзоланди.

Мазкур меморандумнинг асосий мақсади Марказий Осиё минтақасида иқлим ва табиий офат хавфларини камайтириш, шунингдек, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш бўйича илмий-амалий салоҳиятни кучайтиришдан иборат бўлиб, Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги (BMZ) томонидан молиялаштирилаётган минтақавий лойиҳа доирасида амалга оширилмоқда. 2022 йилда бошланган лойиҳа 2028 йилгача давом этади.

Лойиҳа сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қурғоқчил йилларда ҳосилдорликни сақлаб қолиш, экологик мувозанатни таъминлаш ҳамда агросаноат самарадорлигини ошириш каби мақсадларни ўз ичига олади.

Мулоқот давомида Навоий вилоятининг Зарафшон дарёси ҳавзасида замонавий, инновацион технологияларни, жумладан, ақлли томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигини модернизация қилишга келишилди.

Академик М.Мирзаев номидаги институт томонидан 2025 йил якунига қадар институт таркибидаги Навоий илмий-тажриба станциясига қарашли 10 гектар ер майдонида интенсив боғ барпо этилади ҳамда мазкур боғда томчилатиб суғориш тизими жорий қилинади. Узоқ муддатли истиқболда ушбу тизимлар бошқа ҳудудларга ҳам модел сифатида жорий этилиши режалаштирилган.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА