Бизнес-форум
Берлин шаҳрида 2 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига ташрифи арафасида Ўзбекистон – Германия бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Унда икки мамлакатнинг 250 дан ортиқ йирик компания, холдинг, саноат корхоналари, банклари, вазирликлари, идоралари ва саноат бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Германия ўртасида икки томонлама муносабатлар фаол ривожланиб бораётгани, бунга икки давлат раҳбарларининг ишончи ва сиёсий иродаси туфайли эришилганини алоҳида таъкидлади.
Икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сўнгги 5 йил ичида икки баравар ошган. 2022 йил якунига кўра, икки томонлама савдо кўрсаткичлари яна 50 фоизга кўпайди ва биринчи марта 1 миллиард евродан ошди.
Сармоявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясида ҳам изчил динамика кузатилмоқда. Ўзбекистонда Германия капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони бир неча йил ичида қарийб 3 баробар кўпайиб, 200 тадан ошди. 2017 йилдан бери ўзлаштирилган немис инвестицияларининг умумий миқдори 11 баробар ўсган ва бугунги кунда 4 миллиард евродан ортиқни ташкил этмоқда.
Германиянинг MAN, CLAAS, Knauf, GP Papenburg, Viessmann, Deutsche Kabel, LEMKEN каби кўплаб компаниялари Ўзбекистонда фаол ва муваффақиятли бизнес юритиб, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширмоқда.
Германия ишбилармон доираларининг эътибори мамлакатимизда хорижий инвесторларнинг қулай меҳнат қилиши учун яратилган шарт-шароитлар, Ўзбекистон иқтисодиётининг кучли томонларига қаратилди. Кадрлар салоҳияти, стратегик географик жойлашув, МДҲ давлатлари билан эркин савдо режимлари, GSP+ бенефисиари мақоми, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича фаоллик билан олиб борилаётган ишлар, бой хомашё ресурслари ҳамда мамлакатимиз раҳбарияти ва ҳукуматининг қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишни бевосита қўллаб-қувватлашга тайёрлиги шулар жумласидан.
Энергетика, кимё, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати, металлургия, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, электротехника, шунингдек, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳалари узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишнинг энг истиқболли йўналишлари сифатида таклиф этилди.
Германия бизнеси вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самарасини, жумладан, мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун қулай меҳнат шароитлари яратилганини юқори баҳолади. Ҳамкорликни ошириш, янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга қатъий ниятлари борлиги билдирилди.
Бизнес-форум Ўзбекистон ва Германия вазирлик, идоралари, етакчи компаниялари раҳбарлари ўртасида “G2B” музокаралари ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқлари кесимидаги аниқ мисоллар ва лойиҳалар тақдимоти билан давом этди.
Бизнес-форум якунлари бўйича қатор соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.
ЎзА