Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлигида замонавий бошқарув кадрларини тайёрлаш мактаби очилди
18:27 / 2024-09-16

Германия Федератив Республикаси Федерал Канцлери Олаф Шольцнинг мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида икки давлат қўшма таълим дастури – Бошқарув кадрларини тайёрлаш мактаби очилди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Германия муносабати кенг кўламда ривожланмоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий, технологик, маданий-гуманитар соҳаларни қамраб олган. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги қизғин сиёсий мулоқот янги-янги самарали ташаббуслар учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда немис сармояси иштирокида 200 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Республикамиз бозорида Германиянинг етакчи ишлаб чиқарувчилари – “Deutsche Kabel”, “Knauf”, “Claas”, “Papenburg” ва “Falk Porsche” муқим жойлашган. “Siemens”, “BASF”, “Thissen Group”, “Roland Berger”, “Adidas Group” каби машҳур компаниялар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. “Deutsche Bank”, “Commerzbank” ва “Landesbank” билан алоқалар ривожланмоқда.

Хусусан, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Германиянинг Ханнс Зайдел жамғармаси ва Бавария давлат бошқаруви мактаби ҳамкорлигида ишлаб чиқилган концепция асосидаги қўшма таълим дастури – Бошқарув кадрларини тайёрлаш мактаби туман, шаҳарлар раҳбарлик лавозимларига захира яратиш мақсадига қаратилган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал Канцлери Олаф Шольц масофадан қатнашиб, ушбу мажмуани расман очиб берди.

[gallery-19290]

Маросимда Академия раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва илмий тадқиқотчилари, Агентлик ҳамда вазирлик, идоралар раҳбарлари, ҳамкор томон мутасаддилари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Адҳам Бекмуродов мазкур ўқув дастурининг истиқболи ҳақида сўз юритди. Мамлакатимизда замонавий билим ва кўникмага эга, илғор хорижий тажрибани ўзлаштирган бошқарув кадрларини тайёрлаш йўлида олиб борилаётган амалий ишларга алоҳида тўхталди.

Таъкидланганидек, ҳар бир давлатнинг тараққиёти, равнақи ва келажаги ходимлар салоҳиятига бевосита боғлиқ. Шу нуқтаи назардан шиддат билан ривожланаётган Янги Ўзбекистонда бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича янгича тизими яратилаётгани қувонарли. Табиийки, айни жараёнда миллий амалиётни қўллаш баробарида илғор хорижий тажрибани ўзлаштиришга ҳам эътибор қаратилаётир. Маълумки, ГФР айни йўналишда, айниқса тизимда сифатни таъминлаш бўйича дунёнинг илғор мамлакатлари сирасига киради ва жаҳон рейтингларида юқори ўринларни эгаллаган. Демак, туман, шаҳарлар раҳбарлик лавозимларига захира яратишда ушбу дастурдан юқори натижа кутилаётгани бежиз эмас.

17 ҳафтага мўлжалланган мазкур лойиҳа асосида тингловчилар 6 ҳафта давомида иш жойидан ажралган ҳолда, Академияда машғулот ўтади, 8 ҳафта иш жойидан туриб мустақил таълим олади, 2 ҳафта вазирлик, идораларда ва яна 2 ҳафта ҳудудий ҳокимликларда стажировка ўтайди. Аттестация натижасига кўра, юқори кўрсаткичга эришган 20 нафар тингловчи 9 кун давомида Германияда ўқиб қайтади. Хориж сафари билан боғлиқ харажат Ханнс Зайдел жамғармаси томонидан қопланади.

Биринчи мавсумда 56 нафар тингловчи қамраб олинадиган дастур ўқув режасидан “Давлат бошқарувининг сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий асоси”, “Шаҳарсозлик ва қурилиш индустрияси, муҳандислик коммуникацияси ва уй-жой коммунал хўжалиги яшил макон дастурини амалга ошириш”, “Ташқи савдони маҳаллий даражада қўллаб-қувватлаш”, “Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги” каби мавзулар ўрин олган.

Ташаббус бошқарув кадрларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестиция жалб қилиш бўйича касбий маҳоратни ошириш, шунингдек уларни илғор хорижий тажриба билан яқиндан таништириш учун кенг имконият яратади.

– Жамоамиз Марказий Осиёга бундан 22 йил олдин кириб келган, – деди Ханнс Зайдел жамғармасининг минтақамиздаги лойиҳалари координатори Макс Георг Майер. – Бугунги кунда Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда давлат ва маҳаллий бошқарув органлари ходимлари касбий малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлашга ҳисса қўшиб келяпмиз. Табиий бойлик жуда камлиги боис, Германияда тараққиётга эришиш учун инсон ресурсини ривожлантириш, хусусан давлат бошқаруви соҳасида ёш, салоҳиятли раҳбар кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади. Сўнгги йилларда Ўзбекистон барча соҳаларни жадал ислоҳ қилиш йўлидан бормоқда. Мазкур қўшма лойиҳа ҳам давлатларимиз умумий тараққиётига хизмат қилиши шубҳасиз.

Бавария давлат бошқаруви мактаби проректори Раумунд Хельфрих маросимда онлайн иштирок этиб, ҳамкорликнинг аҳамияти, мамлакатимиз давлат бошқаруви тизимини янада ривожлантиришга қўшилажак ҳисса, кутилаётган ўзаро манфаатлар тўғрисида сўз юритди.

Тадбир давомида дастурга бағишланган тақдимотлар намойиш этилди. Иштирокчи ва тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди. Муҳокамалар давомида истиқболли режалар ва лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Камола ЮСУПОВА,

Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА