Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Германия: давлат бошқаруви тизимида тажриба алмашилмоқда
16:10 / 2023-12-15

Пойтахтимиздаги “Radisson Blu Hotel” меҳмонхонасида Германиянинг Ханнс Зайдель жамғармаси Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси томонидан “Ўзбекистонда Хансс Зайдель жамғармасининг 2023 йилда олиб борилган ва 2024 йилга режалаштирилган лойиҳалари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Тадбирни очиб берган Ханнс Зайдель жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси офис раҳбари Жавҳар Дўстов жамғарма фаолияти, мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил маълумот берди. 

Маҳаллий ва давлат бошқаруви соҳасида фаолият юритаётган ёш раҳбар кадрларни илғор тажрибалар асосида малакасини ошириш, профессионал давлат хизматчисини тайёрлаш вазифасини мақсад қилган жамғарма 1967 йилнинг 11 апрелида Германиянинг Мюнхен шаҳрида рўйхатдан ўтган бўлиб, Бавария федерал ерининг собиқ ҳокими номи шарафига “Ханнс Зайдель” деб номланган.

Таъкидланганидек, жамғарма дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатида “Демократия, тинчлик ва тараққиёт” шиори остида фаолият юритади. Марказий Осиёда 2002 йилдан буён давлат хизмати ва маҳаллий бошқарув тизимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ҳозирда у минтақадаги Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон Республикалари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Жамғарманинг юртимиздаги ваколатхонаси 2021 йилда нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида аккредитациядан ўтказилиб, 2023 йилнинг 19 майида расмий очилган. 

– Кейинги йилларда Ўзбекистонда давлат бошқаруви, давлат хизмати ҳамда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш тизимини ислоҳ қилишга устувор эътибор қаратилмоқда, - дейди Ханнс Зайдель жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси офис раҳбари Жавҳар Дўстов. – Жамғармамиз ҳам айнан маҳаллий ва давлат бошқаруви соҳасида фаолият юритаётган ёш раҳбар кадрларнинг илғор тажрибалар асосида малакасини ошириш, профессионал давлат хизматчисини тайёрлаш вазифасини ўз олдига устувор мақсад қилиб қўйган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва бошқа қатор давлат бошқаруви тузилмалари, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси матбуот котиби Маъруфжон Жумаев жамғарма ва академия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳақида сўз юритди. 

Таъкидланганидек, шу кунгача академия ҳамда жамғарма раҳбарияти ўртасида ўтказилган 10 дан ортиқ расмий учрашувларда Ўзбекистон ҳамда Германия давлат бошқаруви тизимида тажриба алмашиш, давлат хизматчилари учун мўлжалланган қисқа ва узоқ муддатли стажировкалар, ўқув-семинарлар ташкил этиш, давлат ва маҳаллий бошқарув тизимининг замонавий муаммолари, уни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига оид масалалар муҳокама қилинган. Шунингдек, 30 га яқин онлайн ва офлайн тарзда семинар-тренинглар, махсус ўқув дастурлари ўтказилган. Ушбу ўқув дастурларида 10 мингдан зиёд давлат хизматчиси, илмий тадқиқотчилар, соҳа мутахассислари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этган.

Давра суҳбатида жамғарма вакиллари томонидан 2023 йилдаги ишларнинг натижалари сарҳисоб қилинди, барча ўтказилган тадбирлар, бизнес ланчлар, бизнес учрашувларга эътибор қаратилди.

Хусусан, жорий йилда Ханнс Зайдель жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда ташкил қилинган, Марказий Осиёдаги Давлат бошқарув академиялари вакиллари учун “Замонавий бошқарув усуллари” мавзусидаги минтақавий ёзги мактаб тадбир иштирокчиларининг диққат марказида бўлди. Таъкидлаш жоиз, мазкур ёзги мактабда Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларининг Президентлари ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиялари вакиллари, академия профессор-ўқитувчилари ва докторантлари иштирок этди. 

Қолаверса, суҳбат давомида 2023 йилнинг 28 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилган “Маҳаллий бошқарув: замонавий тенденциялар ва ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” мавзусидаги давра суҳбатида кўрилган масалалар ҳақида гапириб ўтилди. 

Журналистларга жамғарманинг 2024 йилга мўлжалланган режалари ҳақида маълумот берилди.

– Келгуси йилда ҳам қатор истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз, - дейди Жавҳар Дўстов. – Улардан бири, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Бавария Давлат бошқаруви мактаби билан ҳамкорликда Давлат хизматчиларини тайёрлаш қўшма ўқув дастурини ташкил этиш бўлиб, иштирокчилар туман (шаҳар) ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, мазкур лавозимга захирага олинган кадрлар орасидан, уларнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI)га мувофиқ танлаб олинади. Мазкур қўшма таълим дастури ижтимоий-иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича профессионал компетенцияларни ошириш, шунингдек, илғор хорижий тажриба билан танишиш учун кенг имконият яратади. Дастурнинг Германия билан боғлиқ барча харажатлари (20 нафар тингловчи авиачипталари, стажировка ўташ, Бавария Давлат бошқаруви мактаби экспертларини жалб қилиш) Ханнс Зайдель жамғармаси томонидан тўлиқ қопланади.

[gallery-15072]

Қизғин муҳокамаларга бой бўлган суҳбатда журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олди. 

Камола ЮСУПОВА,

Ойбек ПАРДАЕВ (сурат), ЎзА