Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Финляндия сув ресурсларини бошқариш бўйича тажриба алмашмоқда
16:29 / 2025-10-31

Ўзбекистон ва Финляндия сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу йўналишдаги мулоқотлар икки давлат ўртасида барқарор ривожланишни таъминлаш, илғор рақамли ечимларни жорий этиш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишда муҳим ҳисобланади.

Бугун Финляндия делегациясининг Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига ташриф буюриши ҳам ана шундай мақсадларга қаратилди.

Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Финляндия делегацияси билан учрашув ўтказди. Суҳбат чоғида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш йўналишлари ҳақида маълумот берилди.

Шундан сўнг финляндиялик мутахассислар ўз мамлакатларида сувдан оқилона фойдаланиш, рақамли технологиялар асосида бошқарув тизимини такомиллаштириш ва сув соҳасидаги инновацион лойиҳалар ҳақида маълумот берди.

Учрашувда Финляндиянинг “Finnish Water Forum” ассоциацияси билан вазирлик ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш масаласи муҳокама қилинди.

Томонлар келгусида сув хўжалигини ривожлантириш, таълим ва илмий тадқиқот соҳасида тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди. Меҳмонлар ташриф доирасида Сувчилар мактаби ҳамда Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти лабораториялари фаолияти билан танишди.

Вазирлик ахборот хизматининг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги бу мулоқот сув ресурсларини бошқариш соҳасида янги имкониятлар эшигини очди. Учрашув давомида белгиланган ҳамкорлик йўналишлари келгусида илмий-тадқиқот, таълим ва инновацион ечимларни амалиётга жорий этиш орқали сув хўжалигини янада ривожлантиришга хизмат қилади. 

Н.Зиёдуллаева, ЎзА