Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Финландия ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаоллаштиришга тайёр
21:07 / 2022-09-23

Мамлакатимиз ташқи ишлар вазири Владимир Норов БМТ Бош Ассамблеяси 77-сессиясидаги иштироки доирасида Финландия ташқи ишлар вазири Пекка Хаависто билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати маълум қилган.

Томонлар сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқани жадаллаштириш бўйича амалий чоралар кўришга тайёр эканликларини билдирдилар. Инновация, таълим, озиқ-овқат ва фармацевтика саноати, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

В.Нoрoв Ўзбекистон фин компаниялари илғор технологияларини миллий иқтисодиётга жалб этишдан манфаатдорлигини билдирди.

Музокарада атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. П.Хaaвистo қайд этганидек, Финландия Орол денгизи қуриши оқибатини юмшатиш, минтақадаги экологик вазиятни яхшилашда БМТнинг Орол бўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик жамғармаси орқали Ўзбекистонга фаол ёрдам кўрсатишда давом этишга тайёр.

Таълим, маданият соҳаларидаги алоқа ижобий суръатда ўсаётгани эътироф этилди. Тошкент шаҳрида Нордик халқаро университети филиали очилиши диёримизда намунали фин таълим тизимини жорий этиш орқали малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилиши таъкидланди.

ЎзА