Хабарингиз бор, шу кунларда пойтахтимизда Халқаро автомобиль федерациясининг (FIA) Бош ассамблеяси ҳафталиги бўлиб ўтмоқда.
Тошкент шаҳар ИИББда Халқаро автомобиль федерацияси (FIA) делегацияси ҳамда вазирлик идора раҳбарлари иштирокида йўл ҳаракати хавфсизлигини такомиллаштиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, спорт вазири Адҳам Икромов, ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов, Миллий олимпия қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбай Омаров ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбар ўринбосарлари ва мутахассислар иштирок этди. Шунингдек, тадбирда FIA ташкилотининг автомобиль мобиллиги ва туризм бўйича вице-президенти Тим Ширман, FIA Бош котиби Виллем Грюневальд қатнашди.

Учрашув давомида меҳмонларга мамлакатимизда автомобиль соҳаси, йўл инфратузилмаси йўналишларида, шунингдек автоспорт турларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Меҳмонларга йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қўлланиладиган махсус техника ва транспорт воситалари ҳамда ахборот тизимлари имкониятлари намойиш этилди.

Тадбирда FIA билан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўлларда тирбандликларни камайтириш, сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш йўналишларида ўзаро илғор тажрибалар алмашиш юзасидан фикр алмашилди.
Шу билан бирга, учрашув давомида илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш мақсадида FIA билан ҳамкорликда "йўл харитаси" ишлаб чиқиш, тегишли чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олинди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА