Олий Мажлис Сенатига Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стипрайс ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистон ва Европа парламентлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, долзарб минтақавий ва глобал масалалар юзасидан фикр алмашиш, тажриба ва ахборотлар билан ўзаро бўлишишни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.

Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити икки минтақа ўртасидаги ўзаро ишонч ва барқарор мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим пойдевор бўлгани алоҳида қайд этилди.
Тошкент шаҳрида апрель ойида муваффақиятли ўтказилган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясида Европа давлатлари парламентлари вакилларининг фаол иштирок этгани, ассамблея доирасида қабул қилинган ҳужжатларнинг Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватлангани юқори баҳоланди.
Томонлар сиёсий мулоқотни изчил давом эттириш, қонунчилик жараёнида илғор ёндашувлар алмашинуви ва парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини фаоллаштиришга тайёр эканини билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА