Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи шериклиги мустаҳкамланмоқда
14:07 / 2023-03-09

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Бахтиёр Саидов “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” фуқаролик жамияти форумида иштирок этиш учун Тошкентга келган ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Хакалани қабул қилди.

Мулоқот чоғида 2022 йилда олий ва юқори даражада ўтказилган икки томонлама ва минтақалараро тадбирлар якунлари муҳокама қилинди. Мамлакатимиз билан ЕИ ўртасидаги ҳамкорликни барча соҳаларда янада мустаҳкамлаш истиқболи кўриб чиқилди.

Мамлакатимиз ташқи сиёсат идораси етакчиси томонлар ўртасидаги муносабатнинг жорий ҳолатига тўхталаркан, айниқса, ўтган 2022 йил алоқалар ривожида ўзига хос саҳифа очиб, таъбир жоиз бўлса, жуда сермаҳсул кечганини таъкидлади.

Биргина ўтган йил давомида ЕИнинг қатор юқори мартабали мулозимлари – жумладан,  Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Жозеп Боррель ва бошқа нуфузли шахслар юртимизга ташриф буюришди, давлатимиз раҳбари қабулида бўлишди.

Октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги делегациялар раҳбарларининг мажлисида иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Ноябрда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» шаклидаги ўзаро боғлиқлик ва барқарор ривожланишни мустаҳкамлаш бўйича вазирлар конференцияси ўтказилди.

Табиийки, айни чора-тадбирлар савдо, сармоя, транспорт, энергетика, рақамлаштириш, атроф-муҳит муҳофазаси, қишлоқ хўжалиги ва бошқа истиқболли соҳаларда ўзаро ҳамкорликда амалга ошираладиган қўшма лойиҳаларни илгари суришга кўмаклашмоқда. Бундан ташқари, минтақавий ва икки томонлама ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон ва ЕИ биргаликда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, таълим, қонун устуворлиги, чегараларни бошқариш, гиёҳвандлик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича изчил, самарали саъй-ҳаракатларни йўлга қўйган.

ЕИ юқори мартабали мулозими, ўз навбатида, мазкур нуфузли ташкилот юртимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ҳамкорлиги жадал суръат билан ривожланиб бораётгани қайд этилди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ҳамда  ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тез фурсатда имзолаш учун қўшма чора-тадбирлар кўришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.

 

Ғайрат Хонназаров,

ЎзА