Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи 2021-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги Кўп йиллик индикатив дастурни ишга туширди.
Бугун пойтахтимиздаги "Hyatt Regency Tashkent" меҳмонхонасида бўлиб ўтган анжуман мазкур Кўп йиллик индикатив дастур тақдимотига бағишланди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳамда Европа Иттифоқининг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ютта Урпилайнен иштирокчиларга қутлов сўзи билан видеомурожаат қилди.

Маҳаллий ва хорижлик ташкилотлар вакиллари иштирок этган тадбирда инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Бадриддин Обидов, Европа Иттифоқи мамлакатимиздаги элчиси Шарлотта Адриан ва бошқалар ўзаро самарали ҳамкорлик натижалари, Ўзбекистон учун 2021-2027 йилларга мўлжалланган янги Кўп йиллик индикатив дастур мазмун-моҳияти ҳамда унинг соҳалар бўйича қамрови юзасидан фикр юритди.
Қайд этилганидек, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон учун 2021-2027 йилларга мўлжалланган навбатдаги дастур муддати доирасида Европа комиссияси билан икки томонлама молиявий-техник ҳамкорлик янада кенгаймоқда.
– Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ташкилотлари экспертлари биргаликда ушбу дастурни шакллантирди, – деди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Бадриддин Обидов. – Маълумки, илк босқичи – 2014-2020 йилларда ҳам бир қатор лойиҳалар амалга оширилган. Мамлакатимизда долзарб мавзуларга қаратилган янги лойиҳалар ва дастурларни ишлаб чиқишда ушбу янги босқич муҳим аҳамият касб этади. Дастур 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг долзарб ва устувор йўналишларига монанд. Албатта, бу муҳим жиҳатдир. Мана шу дастур билан Европа Иттифоқи Ўзбекистонда амалга оширилаётган устувор йўналишдаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштиришда ёрдам беради. Дастур самарали бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, рақамли трансформация ва қишлоқ хўжалиги – арго озиқ-овқат секторини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни қамраб олган.

Европа иттифоқи томонидан Кўп йиллик индикатив дастурнинг дастлабки босқичда 2021-2024 йилларга 83 миллион евро, шу жумладан, техник ёрдам ва бюджетни қўллаб-қувватлаш бўйича биргаликда ишлаб чиқилган лойиҳалар ва дастурлар учун 76 миллион евро ажратилади. Шунингдек, фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича тадбирларни қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган молиявий кўмак 7 миллион еврони ташкил этади.
– Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан ҳамкорликда Кўп йиллик индикатив дастурни ишлаб чиқди, – деди Европа Иттифоқи мамлакатимиздаги элчиси Шарлотта Адриан. – Дастурнинг мақсади Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида тақдим этилган ислоҳотлар дастурини амалга оширишни қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Бу Европа Иттифоқининг "Яшил битим" ва рақамлаштириш, ёшлар учун барқарор иш ўринларини яратиш, шу билан бирга, давлат бошқарувини такомиллаштириш каби мақсадларига мос келади. Эътиборлиси, у бир қатор йўналишларни ўзида ифода этади.
Анжуманда томонлар қишлоқ хўжалиги ва "яшил" ўсишни қўллаб-қувватлаш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, суд ҳамда транспорт ва логистика тизимларини рақамлаштириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, шунингдек, Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича лойиҳалар ва тадбирларни амалга ошириш юзасидан ҳам фикр алмашди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири