Эрондаги элчихонамизда мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги арафасида Ўзбекистон ва Эрон ўртасида "Qeshm Air" авиакомпанияси томонидан тўғридан-тўғри ҳаво қатнови очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Дастлаб мезбонларга республикамизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шу жумладан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ҳамда туризм соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Жорий йил август ойида Самарқандда “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази барпо этилгани, кўп тармоқли ушбу маскан йилига 2 миллион сайёҳга хизмат кўрсатиши, марказ таркибида “Боқий шаҳар” мажмуаси, конгресс-холл, 8 та замонавий меҳмонхона, амфитеатр ва бошқа кўплаб объектлар қад рослагани маълум қилинди.
Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи кун сайин кўтарилиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Бутунжаҳон туризм ташкилоти томонидан 2023 йилда Самарқанд Жаҳон туризм пойтахти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан Хива шаҳри 2024 йилда туризм пойтахти сифатида эълон қилиниши юқоридаги фикрнинг тасдиғи экани таъкидланди.
Юртимизга эронлик сайёҳларни жалб қилиш учун барча имконият мавжуд. Жорий йил 14-16 сентябрь кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Эрон Президенти Иброҳим Раисий ўртасида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашув натижасида "Ишбилармон ва илмий доиралар ҳамда туристик гуруҳлар вакиллари учун виза тартибини соддалаштириш тўғрисида келишув", 2022-2025 йилларга мўлжалланган туризм соҳасида ҳамкорлик дастури" каби 18 муҳим ҳужжат имзоланди.
Шу кунга қадар Ўзбекистон ва Эрон ўртасида “Zagros Airlines” компанияси ҳафтасига бир марта тўғридан-тўғри парвоз амалга ошираётган эди. Жорий йил 22 декабрдан бошлаб "Qeshm Air" авиакомпанияси Теҳрон – Тошкент ва Теҳрон – Самарқанд йўналишлари бўйлаб тўғридан-тўғри рейсларни очади. Ўзбекистон ва Эрон ўртасида яна бир тўғридан-тўғри ҳаво қатнови йўлга қўйилиши туризмни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
ЎзА