Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Эрон янада яқинлашмоқда
13:42 / 2023-06-18

Эрон халқи, миллати қадимий ва бой тили, тарихи, диний мазҳаби, ажойиб урф-одати билан ислом дунёси ва халқаро ҳамжамиятда муносиб ўрни, мавқеи, обрў-эътиборига эга. Мамлакат беш давлат сарҳадини ювиб турувчи Каспий денгизини Уммон денгизи ва Форс кўрфази билан боғлаб туради. Эронни Ўзбекистон каби, Шимол ва Жануб қитъалараро йўллари кесишган, Шарқ ва Ғарб цивилизацияси, маданияти, маънавияти, сиёсати туташган чорраҳага қиёслаш мумкин.

Марказий Осиё халқлари маданияти, маънавияти билан бу давлатни боғлаб турувчи яна бир жиҳат шуки, қарийб уч минг йил муқаддам шимолий мовароуннаҳрлик ватандошимиз Сипийтмон Зардушт томонидан асос солинган зардуштийлик дини ва таълимоти Эронда Сосонийлар империяси даврида давлат дини сифатида тан олиниб, аҳоли орасида илоҳий эътиқодни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутган.

Таъкидлаш жоиз, “йўл”, “кўприк” тушунчалари барча даврларда рамзий, мантиқий ва фалсафий маънода камида икки ёки бир неча – яқин ва узоқ, таниш ва бегона йўналиш, томонларни боғлаб турувчи, бир-бири оғирини енгил қилувчи маъносини англатган. “Кўприк” икки қирғоқни туташтиради, сувдан бехатар, бехавотир ўтказиб қўяди, томонларни боғлайди. Шу билан кишида ижобий муносабат уйғотади. Хуллас, йўл каби, кўприкдек хосиятли иншоотларнинг фазилати кўп. Қолаверса, кўприк танишиш, дўстлашиш, ҳамкорлик қилиш асоси, манбаи бўлиб хизмат қилади. Шу сабабли Эрон Ислом Республикасини Ўзбекистон учун мажозан ишончли дўст, “янги йўл”, “мустаҳкам кўприк” дея таърифлаш мумкин.

1979 йил Имом Хумайний раҳбарлигида юз берган инқилобий ғалаба туфайли Эронда шоҳаншоҳлик тизими тугатилиб, Ислом Республикаси ўрнатилди. Бу тарихий воқеадан кўп ўтмай, 1980 йили ўтказилган умумхалқ референдумида  мутлақ кўп овоз билан мамлакат исломий жумҳурият, деб эълон қилинди.

Қарийб бир минтақада, иқлими, дини, қадим тарихи, урф-одати, анъаналари яқин Эрон ва Ўзбекистон ўртасида кўп йиллар яхши қўшничилик алоқаси, деярли, йўқ эди. Турли мазҳабда бўлса-да, дини бир, турли тилда гапирса-да, фитрати, табиати бир-бирига яқин, дили бир бу икки халқ ўртасида кейинги йилларда дипломатик, маданий, савдо-иқтисодий алоқа ўрнатилиб, тобора ривожланмоқда.

2021 йил 16 сентябрда  Шанхай ҳамкорлик ташкилоти кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Душанбега борган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шу тадбирга келган Эрон Ислом Республикасининг янги Президенти Сайид Иброҳим Раисий билан учрашди. Давлат раҳбарлари, минтақа кун тартибидаги саволларга, жумладан, амалий ҳамкорликни кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратдилар. Савдо-иқтисодий алоқалар суръатини жадаллаштириш, янги “ўсиш нуқталари”ни белгилаб олиш мақсадида қўшма Ҳукуматлараро комиссия ишини фаоллаштиришга келишиб олинди.

Бундан ташқари “Йўл харитаси” асосида саноат кооперациясини кучайтириш истиқболи, икки мамлакат транзит салоҳиятини самарали ишга солиш имконияти ваколатли идоралар даражасида пухта ўрганиб чиқилди. Раҳбарлар, шунингдек, Эрон ва Ўзбекистон жойлашган минтақа кун тартибидаги масалалар, Афғонистонда вужудга келаётган вазиятни инобатга олган ҳолда кўриб чиқдилар.

Яқинда халқаро оламда жаҳон ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш уйғотган ва зўр қониқиш билан қабул қилинган яна бир муҳим воқеа содир бўлди. Икки йирик давлат – Эрон билан Саудия Арабистони ўртасидаги дипломатик муносабатни тиклашга келишилди. Хосиятли бу ишда минтақада тинчлик, осойишталик бўлишидан чуқур манфаатдор бўлган Хитой Халқ Республикаси муҳим, ҳал қилувчи ўрин эгаллади.

Ислом динининг бошқа-бошқа мазҳабига эътиқод қилувчи, доимий баҳс-мунозарада яшаган Эрон ва Саудия вакиллари алоқаларни тиклаш бўйича баёнот имзоладилар. Қисқа муддатда элчихоналарни қайта очишга келишиб олинди. Маълумки, дипломатик муносабат 2016 йил Саудияда шиа руҳонийси қатл этилиши ва Теҳрондаги қироллик элчихонасига ўт қўйилиши натижасида узилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий 2022 йил  сентябрь ойида расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди.

Олий даражадаги Ўзбекистон-Эрон музокараси ва ташриф доирасидаги тадбирлар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мажлиси чақирилган Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди. Эрон раҳбари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлган пайтида Эрон Ислом Республикаси мазкур нуфузли халқаро ташкилотга тўлақонли аъзоликка қабул қилинди.

Ўзбекистон ва Эрон Президентлари учрашувида мамлакат етакчилари ўзаро муносабатни янада мустаҳкамлаш масаласини кўриб чиқдилар, савдо, кооперация, инновация, транспорт, энергетика, туризм ва бошқа йўналишлардаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.

Учрашув якунида қатор ҳужжатлар имзоланди

Буюк Британиянинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги Бош вазири Уинстон Черчилль “Англиянинг дўсти ҳам, душмани ҳам йўқ, фақат манфаати бор” деган эди. Таниқли давлат арбобининг ғарбона шаклда бироз очиқроқ ифодалаган бу фикри, таъбир жоиз бўлса, замонавий халқаро муносабатлар назарияси ва амалиётига таяниб айтилгани ҳақиқат.

Эрон йўналиши Ўзбекистоннинг очиқ денгизга чиқиши учун энг яқин, энг қулай йўл ҳисобланади. Биздан унчалик узоқ бўлмаган қўшни давлатнинг қулай географик жойлашуви, республикамизга нисбатан 3-4 биробар йирик – бир юз йигирма миллион кишилик бозори, ишлаб чиқарилаётган саноат моллари, ноёб субтропик мева-чева ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хилма-хил хизмат турлари, фитратимизга маъқул юқори исломий маданияти халқимиз ва тадбиркорларимиз учун ниҳоятда нодир имконият эканини алоҳида таъкидлаш лозим.

Эрон ва Ўзбекистон раҳбарларининг 2022 йилги учрашуви ўзаро муносабатда бурилиш нуқтаси бўлди, дейиш мумкин. Айниқса, Эрон Президенти бошчилигидаги йирик делегациянинг йигирма йиллик танаффусдан кейин мамлакатимизга расмий ташриф билан келиши жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.

2022 йил 20-21 февраль кунлари Теҳрон шаҳрида Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг ўн тўртинчи мажлиси бўлиб ўтди. Анжуманда мамлакатимиздан олтмиш кишилик юқори даражали делегация иштирок этди. Бу икки давлат муносабати тарихида Эронга ташриф буюрган энг йирик Ўзбекистон делегацияси эди.

Эрон сафари салмоқли натижа берди. Соҳалар мутасадди раҳбарлари томонидан Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси якунида қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Дарвоқе, режаларда қайд этилган – умумий узунлиги 4,5 минг километрдан ошадиган “Туркия – Эрон – Туркманистон – Ўзбекистон” транспорт йўлаги аллақачон фойдаланишга топширилди. 2022 йил 3 декабрда мазкур йўналишдаги илк юк поезди пойтахтимиз Тошкентда тантанали кутиб олинди.

Ўзбекистонни Эрон билан боғлайдиган йўл ишга тушиши нафақат шимолдаги давлатларга қарамликни камайтиради, балки шу мамлакатларга, темир йўл алоқаси мавжуд ўнлаб бошқа давлатлар бозорига ҳам йўл очди. Энди экспортёрларимиз маҳсулотни жаҳон бозорига анча қисқа йўл билан тезроқ ва арзонроқ етказиш имконига эга бўлдилар.

Ўзбекистон Форс кўрфазидаги Эронга қарашли Бандар-Аббос портидан кўпдан буён фойдаланиб келмоқда. Бундай имкониятга 1996 йилда Туркманистонни Эрон билан боғлайдиган “Тажан – Сарахс – Машҳад” темир йўли ишга туширилгач эга бўлган эдик. Ўшанда ўзбек пахтасининг асосий қисми шимолдаги Болтиқ бўйи, ёки Узоқ Шарқдаги Владивосток портлари орқали Ер куррасининг қарийб ярмини айланиб ўтиб эмас, балки шу қисқа, тежамли, айни бир пайт юқори самарадор янги йўналиш орқали жаҳон бозорига етказила бошлаган.

Эрондаги яна бир – Чобаҳор порти ҳам Ўзбекистонга яхшигина қулайлик яратган. Мазкур объект диёримизни Ҳинд океани билан тўғридан-тўғри боғлайди. Икки-уч давлатни босиб ўтиб, кейингина денгиз, океанга чиқишнинг машаққати тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади. Эндиликда юк ташувчи кемалар манзилга тезроқ, арзон  ва хавфсиз йўл билан етиб бормоқда.

Бундан бир йил муқаддам Боку шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда Қашқардан Европага тажриба тариқасида илк юк поездини жўнатиш масаласи муҳокама қилинганди. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Туркия – Европа (Искандар Зулқарнайн айнан шу йўл орқали Ҳиндистонга юриш қилган) мультимодал транспорт йўлаги салоҳиятини ошириш ва бунга қўшимча юк ҳажмини жалб қилиш, тарифларни унификациялаш, маҳсулотни чегара постидан тезроқ ўтказиш муҳокамаси ҳам ниҳоясига етай деб қолди.

Шарқда бир мақол бор: гиламни қўшнингга сот, бир чеккасида ўзинг ўтирасан. Қадимий удумларга риоя қилаётган маслакдош, ҳамкор Эрон ва қўшни Ҳиндистон Ўзбекистонга Чобаҳор портида бирга фойдаланиш мақсадида порт терминалларидан бирини сотиб олиш таклифини берди. Мутахассислар бу таклифни хосиятли, нурли, истиқболли лойиҳа, дейишяпти. Зеро, денгиз йўли инфратузилмасига эга бўлгач, мамлакатимиз нафақат хорижий давлатлар билан савдо айланмасини яхшилай олади, шу билан бирга экспорт-импорт амалиётидан салмоқли даромад кўриш имконига ҳам эга бўлади.

Таъкидлаш жоиз, Чобаҳорга киритилажак инвестиция Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқа ривожига хизмат қилади. Маълумот ўрнида айтиш лозим, 2022 йил якуни бўйича мамлакатларимиз ўртасидаги савдо ҳажми 435,7 миллион долларни ташкил этди. Яқин истиқболда бу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган.

Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, Эрон Ислом Республикаси билан транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликдан янада кўпроқ натижа кутса бўлади. Туркманистон ва Эрон тандеми Ўзбекистонни ишончли минтақалараро транзит билан таъминламоқда. Мутахассислар таҳлилига кўра, бундай комбинация Яқин Шарқ томонга савдо оқимини диверсификациялаш имкониятини анча кенгайтиради.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Форс кўрфазининг бой-бадавлат мамлакатлари билан сиёсий мулоқотни янада жадаллаштиряпти. Бунинг таъсирида иқтисодий алоқалар жонланмоқда. Баъзи Яқин Шарқ мамлакатлари республикамизнинг асосий савдо ҳамкорига айланяпти. Масалан, ўтган йил Ўзбекистон билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида маҳсулот айирбошлаш икки ҳисса кўпайиб, 508 миллион доллардан ошди. Сўнгги беш йилда Саудия Арабистони билан савдо айланмаси 20 фоиз ўсди. Мазкур тенденцияни давом эттириш эса икки минтақанинг логистик боғлиқлигига жиддий эътибор қаратиш зарурлигини тақозо этяпти. Бизни Яқин Шарққа элтадиган энг қисқа йўл эса, юқорида қайд қилинганидек, Туркманистон билан Эрон ҳудудидан ўтади.

Марказий Осиёни Форс кўрфази портлари билан боғлайдиган “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Уммон” халқаро транспорт-транзит йўлагини ишга тушириш бўйича 2016 йил Aшхобод битими имзоланган. Тўғри, янги пўлат йўл билан боғланган бу йўл ҳали лойиҳада қайд этилган даражада самара бераётгани йўқ. Айни транспорт йўлаги истиқболи яқин-яқингача фақат биргина шимолий йўналиш билан боғланарди. Бу йўлдан, асосан, хом ашё олиб чиқиб кетишда фойдаланилган. Бу йўллар бугун ўз имконияти билан тадбиркорлар жонига оро кириб, уларни янги режаларга илҳомлантирди.

Мақола бошида қайд этилганидек, йўл, кўприк – узоғингни яқин, оғирингни енгил қилади, давлатларни, мамлакатларни, халқларни яқинлаштиради, бирлаштиради, алоқаларни мустаҳкамлайди. Пировард натижа минтақа ва жаҳонда тинчлик мустаҳкамланишига хизмат қилади.

И.Абдухолиқов,

ЎзА сиёсий шарҳловчиси