Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси қандай?
13:55 / 2023-06-18

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари таҳлилига кўра, 2022 йилда икки мамлакат ўртасидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари товар айланмаси 44,9 миллион АҚШ долларини ташкил этган ва сўнгги 3 йил ичида 5 баробар ошган.

2022 йилда Эрон Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортида 13-ўринни, импортида эса 19-ўринни эгаллади.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон ва Эрон ўртасида бир қатор йўналишлар, шу жумладан қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро манфаатли муносабатлар йўлга қўйилган. 2022 йил сентябрь ойида ШҲТнинг саммитида икки мамлакат ўртасида Қишлоқ хўжалигида ҳамкорликка оид меморандум имзоланди.

2022 йил октябрь ойида Ўзбекистоннинг Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Эрон Миллий картошкачилик уюшмаси ўртасида илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинганди.

Ҳамкорликнинг энг муҳим истиқболли жиҳатларидан бири — бу Эрон ўз қишлоқ хўжалигидаги муаммоларни ҳал қилиш учун ишлаб чиққан технологиялар трансферидир. Гап бу ўринда биотехнологияларни қўллаш орқали шўрланган тупроқлар муаммосини ҳал қилиш ва ҳосилдорликни ошириш ҳақида бормоқда. Булар органик ва микробли ўғитлар, шунингдек, биологик пестицидлардир.

Халқаро савдо маркази (ITC) ҳисоб-китобларига кўра, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳозирги даражасида Ўзбекистондан Эронга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортида фойдаланилмаган имкониятлар 22,9 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Ўзбекистон ва Эрон умумий товар айланмасини 1 миллиард долларга етказишни мўлжалламоқда. Бунинг учун имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни имзолаш, шунингдек, икки мамлакат ҳудудида  "Made in Uzbekistan"  ва Made in Iran"  кўргазмаларини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Н. Зиёдуллаева тайёрлади.

ЎзА