Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори Иброҳим Эргашев Эрон Ислом Республикасига ташриф буюриб, мамлакатнинг Ўсимликлар карантини хизмати раҳбари билан учрашув ўтказди.
Музокараларда Ўзбекистоннинг тўрт турдаги маҳсулоти — лимон, узум, ўрик ва гилосни Эронга экспорт қилишни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди. Таъкидланишича, ушбу маҳсулотлар бўйича фитосанитар хавф таҳлили якуний босқичга етган бўлиб, рухсатнома бериш жараёни тез орада якунланиши кутилмоқда.
Шунингдек, учрашувда озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари ҳам муҳим мавзу сифатида кўтарилди. Томонлар Ўзбекистон фитосанитар талабларига жавоб берувчи картошка маҳсулотини Эрон ҳудудидан импорт қилиш имкониятларини кўриб чиқдилар. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, импорт ҳажми 100 мингдан 200 минг тоннагача етиши мумкин. Эрон ҳукумати эса картошка импорт қилувчи компаниялар учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастурини ишлаб чиқиш ниятида эканини билдирди.
Учрашувда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ва импорти бўйича юзага келаётган масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида мунтазам онлайн учрашувлар ташкил этиб боришга келишиб олинди.
Бундан ташқари, томонлар ўсимликлар карантини ва ҳимояси йўналишидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, миллий ахборот тизимларини интеграция қилиш, фитосанитар сертификатларни онлайн тарзда алмашиш механизмини жорий этиш ва бу борада "йўл харитаси" ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришди.
Мазкур учрашув икки мамлакат ўртасидаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда ўзаро савдо ҳажмини оширишга хизмат қилиши мумкин.
Ҳамроз Баянов, ЎзА