Саудия Арабистонида ўтказилаётган нуфузли “Makkah Halal Forum” халқаро кўргазмаси доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Буюк Британия Мусулмонлар савдо форуми ташкилоти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур муҳим ҳужжатни Ўзбекистон ССП раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Қурбонов ва Британия ташкилоти раиси Иқбол Сакроний расмийлаштирди. Ушбу келишув икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, бизнес муҳитини жонлантириш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишнинг аниқ механизмини белгилаб беради.
Меморандум доирасида ўзаро савдо делегациялари ташрифларини уюштириш, иқтисодий кўрсаткич ва статистик маълумотлар алмашиш, шунингдек биргаликда йирик ярмарка ва кўргазмалар ташкил этиш мақсад қилинган. Шу билан бирга техник экспертиза ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш орқали кадрлар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Исломий туризмни ривожлантириш, миллий заргарлик саноатига хориж сармоясини жалб қилиш, маҳаллий минерал ўғитлар экспортини кўпайтириш ва замонавий консалтинг хизматини йўлга қўйиш устувор йўналишлар этиб белгиланди. Бу ташаббус Ўзбекистон ва Буюк Британия бизнес ҳамжамияти учун янги имкониятлар эшигини очиш баробарида иқтисодий муносабатларни сифат жиҳатидан янги поғонага кўтариши шубҳасиз.
Ф.Яхшибоева, ЎзА