2 март – Ўзбекистон БМТга аъзо бўлган кун. Ушбу сананинг мамлакатимиз ҳаётидаги аҳамияти қандай?
Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Жаҳонгир Исаев бу ҳақда ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– 1992 йил 2 март куни Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлиб, мустақил давлат сифатида халқаро муносабатлар тизимида ўзининг суверен ва тенг ҳуқуқли мақомини мустаҳкамлади. Бу сана мамлакатимиз давлатчилиги учун ҳуқуқий эътирофгина эмас, балки янги тараққиёт йўлини танлаган халқнинг стратегик қарорини англатди.
Бугун ушбу сана Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат фалсафаси билан чамбарчас боғлиқ. Агар 1992 йилдаги аъзолик халқаро ҳуқуқий тан олишни англатган бўлса, ҳозирги вақтда у — глобал жараёнларга таъсир кўрсатаётган, ташаббус илгари сураётган ва қарорлар қабул қилинишига таъсир этувчи давлат мақомини ифода этмоқда.
Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари — очиқлик, конструктивлик, прагматизм ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик. Бу ёндашув БМТ Низомида мустаҳкамланган суверен тенглик, тинчликпарварлик ва халқаро ҳамкорлик тамойиллари билан уйғун.

Қисқа вақт мобайнида мамлакатимиз БМТ тизимидаги етакчи институтлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйди. БМТнинг Тараққиёт дастури давлат бошқарувини модернизация қилиш ва рақамлаштириш жараёнларида иштирок этмоқда. ЮНИСЕФ болалар ҳуқуқлари ва инклюзив таълимни ривожлантиришда муҳим шерик ҳисобланади. ЮНЕСКО билан ҳамкорлик миллий маданий меросимизни жаҳон миқёсида эътироф эттиришга хизмат қилмоқда. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан амалга оширилаётган дастурлар эса соғлиқни сақлаш тизимини халқаро стандартларга яқинлаштирмоқда.
Бу ҳамкорлик Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг халқаро миқёсда қўллаб-қувватланаётганини кўрсатади.
Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг муҳим ютуқларидан бири Марказий Осиёда янги сиёсий муҳитни шакллантиришдир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурган ташаббуси асосида 2018 йилда Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги резолюция қабул қилинди.
Бу ҳужжат минтақа давлатлари ўртасида ишончни кучайтиришга ҳуқуқий асос яратди. Чегара масалалари босқичма-босқич ҳал этилди, савдо айланмаси ошди, транспорт-логистика алоқалари фаоллашди. Марказий Осиё бугун глобал сиёсатда “муаммоли ҳудуд” сифатида эмас, балки “ҳамкорлик ва ишонч макони”, конструктив ҳамкорлик намунаси сифатида тилга олинмоқда.
Бу Янги Ўзбекистон дипломатиясининг амалий натижасидир.
2021 йилда БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан Оролбўйи ҳудудини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди.
Ушбу қарор минтақавий экологик инқирозни глобал даражада эътироф этиш ва халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга хизмат қилди. БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик ишонч жамғармаси доирасида Оролбўйи учун алоҳида молиявий механизм ишга туширилди.
Халқаро молиявий институтлар ва донор ташкилотлар иштирокида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Чўлланишга қарши курашиш, яшил ҳудудларни барпо этиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича замонавий технологиялар, “яшил” иқтисодиёт элементлари жорий этилмоқда, аҳоли бандлигини таъминлашга оид лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Оролбўйидаги ер майдонларида саксовул ва бошқа чўлга чидамли ўсимликлар экилиши нафақат экологик барқарорлик, балки аҳоли саломатлиги ва ижтимоий шароитини яхшилашга ҳам хизмат қилмоқда.
Бу – Янги Ўзбекистоннинг экологик адолат ва иқлим барқарорлиги борасидаги фаол позициясини намоён этиб, экологик масъулиятли давлат сифатидаги сиёсати халқаро даражада қўллаб-қувватланаётганини англатади.
Янги Ўзбекистон ёшларни стратегик ресурс сифатида кўради. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ доирасида ёшлар ҳуқуқлари ва маърифат ҳамда диний бағрикенгликка бағишланган резолюциялар ҳам қабул қилинди. Бу ҳужжатлар глобал миқёсда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва экстремизмга қарши маърифий ёндашувни илгари суришга қаратилган.
Мамлакатимизда ёшлар учун таълим имкониятларининг кенгайиши, янги университетлар очилиши, халқаро таълим дастурлари жорий этилиши мазкур ташаббусларнинг амалий ифодасидир.
Янги Ўзбекистон инсон капиталига сармоя киритиш орқали барқарор тараққиётга эришишни мақсад қилган.
БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари миллий тараққиёт дастурлари билан уйғунлаштирилди. Қайта тикланадиган энергия манбалари улушини ошириш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича илгари сурилган таклифлар халқаро майдонда қўллаб-қувватланмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатда қуёш ва шамол электр станциялари қурилиши жадаллашди, “яшил” иқтисодиёт улушини ошириш бўйича стратегия қабул қилиниб, қайта тикланадиган энергия лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Бу ташаббуслар глобал иқлим сиёсатининг ажралмас қисмига айланиб, мамлакатнинг экологик масъулиятли давлат сифатидаги нуфузини мустаҳкамламоқда ҳамда Янги Ўзбекистоннинг инновацион ва барқарор тараққиёт йўлидан бораётганини намоён этади.
2 март — Ўзбекистон ташқи сиёсат тарихи ва миллий давлатчилик ривожида бурилиш нуқтаси. 1992 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлиш мамлакатимиз учун халқаро ҳуқуқий тан олиш, суверенитет кафолати ва глобал институтлар тизимига интеграциялашувни англатган бўлса, бугун ушбу аъзолик мутлақо янги мазмун касб этди.
Ўзбекистон БМТ минбаридан фақат мурожаат қилувчи эмас, балки қарорлар қабул қилинишига таъсир этувчи давлатга айланди. Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуслар — Марказий Осиёда ишонч муҳитини мустаҳкамлаш, Оролбўйини экологик инновациялар зонасига айлантириш, ёшлар ҳуқуқлари ва маърифат ғоясини глобал даражага олиб чиқиш — БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияларида ўз ифодасини топди.
Бу, дипломатик баёнот эмас, балки амалий сиёсий натижадир. Марказий Осиёдаги янги сиёсий муҳит, чегаралар бўйича келишувлар, иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши — бу минтақавий барқарорликка қаратилган халқаро ҳуқуқий асоснинг самараси. Оролбўйи бўйича қабул қилинган резолюция орқали экологик инқироз глобал эътироф этилди ва халқаро молиявий механизмлар ишга туширилди. Ёшлар ва маърифат масалалари бўйича қабул қилинган ҳужжатлар эса экстремизмга қарши маърифий ёндашувни халқаро сиёсат даражасига кўтарди.
БМТ минбари Янги Ўзбекистон учун миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, минтақавий барқарорликни таъминлаш ва умуминсоний қадриятларни илгари суриш майдонига айланди.
2 март — бу шунчаки тарихий сана эмас. Бу — Ўзбекистоннинг глобал сиёсатдаги мустаҳкам қадами, стратегик фикрлаш ва халқаро масъулиятни англаган давлат сифатидаги нуфузи рамзи.
Янги Ўзбекистон халқаро ҳамжамият билан тенг ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган сиёсатни изчил давом эттирар экан, БМТ минбарида илгари сурилган ташаббуслар янада кенгайиши, миллий ғоялар глобал қарорларга айланиши шубҳасиз.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.