English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Беларусь: товар айирбошлаш, тадбиркорлик, таълим бўйича ҳамкорлик алоқалари кенгаяди
19:52 / 2023-09-06

Ўзбекистон делегацияси расмий ташриф билан Беларусь Республикасида бўлиб турибди.

Делегация раҳбари, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ташриф доирасида Беларусь Бош вазири Роман Головченко билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари янги даражага кўтарилгани таъкидланди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми бир неча баробар ортиб, 2022 йилда 500 миллион доллардан ошди. Жорий йил бошидан бери бу кўрсаткич яна 37 фоизга  ўсди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини бир  миллиард долларга етказиш учун қонунчилик даражасида биргаликда амалга ошириладиган ишларни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.

Учрашувда иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни мустаҳкамлашдан икки томон ҳам манфаатдор экани алоҳида қайд этилди.

Мулоқот якунида аёлларни тадбиркорлик ва инновацион фаолиятга, IT соҳасига, биотехнологияга фаол жалб этиш, уларни замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш бўйича амалий чора-тадбирларнинг қўшма режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масаласини кўриб чиқишга келишиб олинди.

***

Сенат раиси Танзила Норбоева, шунингдек, М.Танка номидаги Беларусь давлат педагогика университетида ушбу мамлакат таълим вазири А.Иванец ва олий таълим муассасаси ректори А.Жук билан мулоқот ўтказди.

Суҳбат давомида икки мамлакат ўртасида таълим йўналишида ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига эътибор қаратилди.

Жумладан, педагогик кадрларни тайёрлаш, ҳамкорликда таълим жараёнларини ташкил этиш методологиясини ишлаб чиқиш,  илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, инклюзив таълимни ривожлантириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Олий таълим муассасалари билан талабалар ва профессорлар академик алмашинуви ҳамкорликнинг самарали усулларидан бири эканлиги таъкидланди.

A.Жук Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ниятида эканлигини маълум қилди.

Мулоқот якунида таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА