Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Беларусь маданий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
12:12 / 2025-11-07

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков Беларусь Республикаси маданият вазири Руслан Чернецкий билан учрашди.

Музокара чоғида томонлар ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболини муҳокама қилди. Жумладан, кинематография соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, театрларнинг ўзаро гастролларини уюштириш, шунингдек қўшма таълим лойиҳалари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Р.Чернецкий маданий ташаббуслар икки халқ дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаб, кино ва театр санъати вакиллари шериклигини чуқурлаштириш муҳимлигини қайд этди.

Ўз навбатида О.Назарбеков таълим йўналишида ҳамкорликни фаоллаштириш, хусусан биргаликда маданият муассасалари, хусусан хореография бўйича педагоглар тайёрлаш таклифини берди. Шунингдек, соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш бўйича олиб борилаётган умумий ишлар аҳамиятини таъкидлади.

Учрашув якунида мартабали меҳмон Беларусь Маданият кунлари юқори савияда ташкил этилгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик изҳор қилди.

Мулоқот сўнгида маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.

Масалан, Беларусь давлат академик катта театри ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ўртасида тасдиқланган ҳамкорлик меморандуми биргаликда ижод қилиш учун янги имкониятлар очади, икки етакчи саҳнада сара асарлар, ижодий жамоалар ва тажриба алмашинувини кўзда тутади.

Бундан ташқари Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (оперетта) театри ва Беларусь давлат филармонияси, шунингдек Ўзбекистон давлат филармонияси ва Г.И.Цитович номидаги Беларусь Республикаси Миллий академик халқ хори ўртасида ҳам келишув имзоланди. Мазкур ҳужжатлар маданий алмашинувга янги маъно-мазмун бахш этувчи кенг миқёсли қўшма лойиҳалар, гастрол ва концерт дастурлари учун асос бўлиб хизмат қилади.

Азиза Алимова,

ЎзА