“WAM” ахборот агентлиги хабар беришича, Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар вазири Шайх Абдуллоҳ бин Зоид Ол Наҳаён БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессияси доирасида ўзбекистонлик ҳамкасби Бахтиёр Саидов билан учрашди.
Икки вазир анжуман кун тартибидаги ҳамда савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-маърифий масалаларни, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, технология, озиқ-овқат хавфсизлиги, қайта тикланадиган энергия каби муҳим соҳалардаги ҳамкорлик ҳолатини муҳокама қилдилар.
Иқлим ўзгариши оқибатига қарши курашга саъй-ҳаракатни сафарбар қилиш учун ушбу халқаро платформага сармоя киритиш зарурлигига эътибор қаратиларкан, БМТ сессияси доирасида бўлиб ўтадиган Иқлим амбицияси саммитига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Шайх Абдуллоҳ бин Зоид Ол Наҳаён ҳамкасбига БААда ноябрь ойида ўтказиладиган Иқлим ўзгариши бўйича Конвенция (COP28) конференцияси йигирма саккизинчи сессиясига тайёргарлик жараёни ҳақида маълумот берди. Бутун дунё “COP28”га катта умид, глобал иқлим ҳаракати жараёнида сезиларли таъсир ва сифат ўзгаришига эришиш учун умумий истак, ирода билан қарашини таъкидлаб, БАА ушбу нуфузли глобал тадбирга мезбонлик натижасида барқарор халқаро ҳамкорлик ёндашуви янада мустаҳкамланишини интиқлик билан кутаётганини билдирди.
Ўз навбатида Бахтиёр Саидов ҳам умумий манфаат келтирадиган минтақавий ва халқаро даражадаги қатор масалалар муҳокамасига урғу берди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА