English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва БАА кўп қиррали ҳамкорликни давом эттирмоқда
13:10 / 2021-04-22

21 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов ҳамда Бирлашган Араб Амирликларининг Ҳукумат ва келажак ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Қарқовий ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар бўлиб ўтди.

Музокаралар чоғида томонлар кўп қиррали ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни кенгайтириш имкониятларини, шунингдек, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш дастури доирасида лойиҳаларни амалга оширишда эришилган ютуқ ва натижаларни муҳокама қилди.

Шу нуқтаи назардан, барча келишилган йўналишлар доирасида янги соҳалар бўйича қўшма семинар-тренинглар ва бошқа тадбирларни ўтказишга келишилди. Шунингдек, томонлар ушбу ҳамкорлик дастурини кенгайтириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш учун биргаликда ишлашда давом этади.

БАА томони Ўзбекистон Президентининг ёшлар ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари ва дастурий таъминотни оммалаштиришга катта эътибор қаратаётганини алоҳида қайд этди.  

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил декабрь ойида ўтказилган Ёшлар форуми давомида давлат раҳбари томонидан кейинги икки йил мобайнида 300 минг талабани дастурлаш асослари бўйича бепул ўқитиш топширилган эди. Томонлар ушбу ташаббусни рўёбга чиқаришнинг амалий жиҳатларини ва навбатдаги тадбирларини кўриб чиқди.

Шунингдек, инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, саноат ва туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистондан Бирлашган Араб Амирликларига янги узилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кўпайтириш бўйича БАА Иқтисодиёт вазирлигининг таклифлари устида иш олиб борилаётгани маълум қилинди. Ўзбекистон томони Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда аниқ лойиҳавий таклифларни ишлаб чиқишни бошлагани ва уларни БААга тақдим этишини маълум қилди.

Видеоконференция якунида икки томонлама ҳамкорликнинг барча соҳаларидаги долзарб масалаларни зудлик билан ҳал этиш зарурлиги таъкидланди.