Ўзбекистонда 2019 йилда давлатимиз раҳбари томонидан олий таълимни келгуси ўн йилликда ривожлантириш бўйича Концепция қабул қилинган.
Мазкур ҳужжатга кўра, Ўзбекистондаги ОТМларни хусусийлаштириш, уларни бутун дунёда бўлгани каби таълим, тадқиқот ва тадбиркорлик – 4.0 университетлар даражасига олиб чиқиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, сўнгги олти йилда таълим соҳасида Президентимизнинг 95 фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 222 қарори қабул қилинди.
Таълим олиш тўртта босқичга ажратилиб, мамлакат бюджетининг сезиларли улуши ижтимоий харажатлар, айниқса, таълим сифатини ошириш, уни илмий-амалий такомиллаштиришга ажратилмоқда.
Таълим сифатини ошириш, 4.0 форматдаги университетлар фаолияти билан танишиш, тажриба алмашиш, истиқболли дастурлардан андоза олиш мақсадида Тошкент давлат иқтисодиёт университети делегацияси АҚШда хизмат сафарида бўлиб турибди.

Сафардан кўзланган мақсад - университетимизнинг халқаро майдонда нуфузини янада ошириш, талабаларга сифатли таълим бериш ва профессор-ўқитувчиларнинг хорижда малакаси ва тажрибасини ошириш, минтақа ва хориждаги абитруентларни ўзимизга жалб қилишдир. Ушбу мақсадларни юқори талаблар асосида таълимга жорий қилиш учун бошқа чет давлат ОТМлари қаторида АҚШдаги нуфузли олий таълим масканлари билан ҳам бир қатор ҳамкорлик келишувларга эришиш режалаштирилган.
Ташриф доирасида Тошкент давлат иқтисодиёт университети (ТДИУ) ва АҚШнинг нуфузли Pitsburg давлат университети раҳбарияти ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Келишувга кўра, ТДИУнинг 100 нафар профессор-ўқитувчисини ўқув йили давомида Pitsburg давлат университетига малака оширишга юборилади. Икки томон профессор-ўқитувчиларшнинг талабаларга дарс ўтиш жараёнига жалб қилиш, талабалар учун Pitsburg давлат университетида ёзги мактаб очиқ дарсларини ташкил этиш амалга оширилади.
Таъкидлаш жоизки, Pitsburg давлат университети 1787 йилда ташкил этилган бўлиб, Шимолий Америкадаги энг дастлабки институтлардан биридир.
Pitsburg университети Пенсилвания штатида, Bredford, Greensburg, Jonstaun ва Titusvilда минтақавий кампусларга эга олий таълим муассасаси ҳисобланади. Университетнинг асосий ҳудуди Pitsburgнинг Oklend ҳудудидаги 132 гектар майдонни эгаллайди. Унда бир нечта кутубхона, тадқиқот муассасалари, компьютер лабораториялари, театрлар ва 42 қаватли ўқув биноси мавжуд.
Мазкур университетда бакалавриат ва магистратура инновацион платформалар асосида йўлга қўйилган бўлиб, университет турли таълим йўналишлари бўйича 640 дан ортиқ даража ва сертификат дастурларини таклиф этади. Pitsburg университетида 16 та ўзига хос бакалавриат ва магистратура мактаблари ва коллежлари ташкил этилган.
Университетда тақдим этилаётган илмий даража дастурлари муҳандислик, тиббиёт, ҳуқуқ, бизнес, халқаро муносабатлар, умумий таълим, санъат ва фанлар, ҳисоблаш ва ахборот соҳаларида катта қамровга эга эканини алоҳида таъкидлаш лозим.
Pitsburg университети Миллий атлетика ассоциациясининг (NCAA) 1-дивизионида Pitsburg Пантҳерс сифатида рақобатлашиш мақомини қўлга киритгани бизда катта қизиқиш уйғотди. Эътиборлиси, Pitsburg университети спортчилари 5 та Олимпиада медали соҳиби ва ўзида ҳар томонлама шаффоф муҳит ярата олган.
Pitsburg университети илмий тадқиқотчилар учун қулай уй-жой тизимини тақдим этган ва танлаш учун бир нечта вариантлар мавжуд. Талабалар шаҳарчасида 600 дан ортиқ талабалар ташкилоти мавжуд ва турли хил ижтимоий-маиший имкониятлар яратилган.
АҚШда хизмат сафаридамиз давомида яна бир нуфузли олий таълим маскани - James Madison университетига ташриф буюриб, илмий-тадқиқотлар йўналишида муҳим алоқаларни ўрнатганимиз ҳам истиқболли дастурлааримизни самарали жорий этишга хизмат қилади.
Делегациямиз хизмат сафари доирасида Канзас штатидаги Канзас технология коллежида бўлиб, раҳбарияти билан ТДИУ қошидаги ўрта махсус билим юрти ўқувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш бўйича ҳамкорлик келишувига ҳам эришди.
Шунингдек, делегецияимиз Pitsburg университети вакилларига университетимиз ҳақида муҳим бўлган маълумотлар ва уларни қизиқтирган саволларига жавоб берди.
Икки томонлама имзоланган меморандумлар нафақат талабаларимизнинг билимларини кенгайтириш, балки 2030 йилгача давлат томонидан белгилаб берилган улкан мақсадларимизга ва Ўзбекистоннинг иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшиш учун интеллектуал имконият йўлларини очади.
Гулнора Абдураҳмонова,
ТДИУ Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори,
иқтисод фанлари доктори, профессор.
ЎзА