1-3 июнь кунлари АҚШ Виржиния штати Уоррентон шаҳрида “Бағрикенг ислом дини” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Америка ташқи сиёсат кенгаши томонидан ташкил этилган анжуманда АҚШ ва мусулмон мамлакатларидан нуфузли экспертлар, олимлар, юқори лавозимли амалдорлар иштирок этди. Бутунжаҳон мусулмон жамиятлари кенгаши раиси Али Рашид Ал Нуаймий (БАА), Индонезиянинг собиқ ташқи ишлар вазири Алви Шиҳоб, Баҳрайн Қироллиги ички ишлар вазири Али Аминий, Америка ташқи сиёсат кенгаши Марказий Осиё ва Кавказ институти директори Сванте Корнелл шулар жумласидан.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов ҳам қатнашган тадбирда халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашишда келишилган ёндашувлар ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди.
Конференцияда сўзга чиққан мамлакатимиз вакили Ўзбекистон Республикасининг Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш бўйича позициясини маълум қилди. Жорий йил март ойида пойтахтимизда бўлиб ўтган “БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий ҳамкорлиги” ҳамда май ойида Тошкент ва Бухоро шаҳарларида ўтказилган “Мулоқотлар декларацияси” халқаро конференциялари якуни ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистоннинг терроризмга қарши курашиш ҳамда уруш зоналаридан репатриация қилинган фуқароларни реабилитация ва реинтеграция қилиш борасидаги тажрибаси билан ҳам танишдилар.
Анжуман доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Америка ташқи сиёсат кенгаши ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди. Ҳужжатда қўшма лойиҳалар амалга ошириш, ўзаро манфаатли мавзуларда форум, семинар, давра суҳбатлари ўтказиш орқали икки мамлакат таҳлилий марказлари ўртасида мунтазам амалий мулоқот йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, 1982 йил АҚШ президенти ҳузурида ташкил этилган, Конгресс аъзоларини зарур маълумотлар билан таъминлаб турадиган Америка ташқи сиёсат кенгаши мамлакат ташқи сиёсий стратегиясини шакллантиришга ўзига хос таъсир кўрсатади. Тузилма бош қароргоҳи Колумбия округи Вашингтон шаҳрида жойлашган.
ЎзА