Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2021 йилда 53 фоизга ошиб, қарийб ярим миллиард долларга етди
11:01 / 2022-10-18

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев АҚШ савдо вазири ўринбосари Мариса Лаго билан учрашди.

Мулоқот чоғида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзбекистонда хорижий инвесторларнинг қулай фаолият юритиши учун яратилган зарур шароитлар алоҳида таъкидланди. Очиқ бозорга йўналтирилган иқтисодиётни яратишга олиб келган улкан, кенг кўламли ва салмоқли ислоҳотларнинг юқори натижалари қайд этилди. Ўзбекистон мамлакатдаги сармоявий муҳит ва бизнес юритиш қулайлиги, шу билан бирга камбағалликни камайтириш ва адолатли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича халқаро рейтингларда муваффақиятли юқорилади. 

Шу нуқтаи назардан, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда АҚШ капитали иштирокидаги корхоналар сони икки баробарга кўпайиб, 315 тага етганлиги илғор ривожланишдан далолат беради. Икки томонлама Инвестициявий битимни имзолаш жараёнини тезлаштириш, америка компаниялари ва молия институтларини Ўзбекистонда тоғ-кон, кимё ва нефть-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди. 

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро товар айирбошлашда ижобий тенденцияни қайд этди. Бу кўрсаткич 2021 йилда 53 фоизга ошиб, қарийб ярим миллиард долларга етди. 2022 йилнинг январь-август ойларида эса яна 8,7 фоизни ташкил этди. Ўзбекистон – АҚШ икки томонлама савдо ҳажмини янада ошириш учун шарт-шароитлар яратиш, жумладан, икки томонлама маҳсулот етказиб бериш ҳажмини ошириш мақсадида транспорт йўлакларини диверсификация қилиш жараёнини молиявий ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришга тайёрлик билдирилди. 

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнида, АҚШ томонидан, бошқа услублар қаторида, USAIDнинг техник кўмак лойиҳасини амалга ошириш орқали ҳар томонлама қўллаб-қувватлангани учун миннатдорлик билдирилди. Томонлар Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга тезроқ аъзо бўлиши мақсадида яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар. 
Музокаралар якунида томонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик салоҳиятини максимал даражада рўёбга чиқариш учун муҳокама қилинган барча масалалар бўйича фаол ва доимий мулоқотни давом эттириш тарафдори эканликларини билдирди. 

 

ЎзА