Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича кўплаб давлатлар билан ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтирмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъуллари озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва соҳадаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида АҚШда бўлиб турибди.
Ташриф доирасида БМТ Тараққиёт Дастурининг Европа ва Осиё минтақаси бўйича департаменти бошлиғи ўринбосари Ник Хартен билан учрашув ўтказилди, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.
Мулоқот давомида Ник Хартен томонидан иқлим ўзгаришига мослашиш, иссиқхона газларини камайтириш, чўлланишга, қурғоқчиликка қарши курашиши дастурларини амалга ошириш озиқ-овқат хавфсизлигини ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларининг барқарорлигини таъминлашда муҳим эканлигини билдирган. Шунингдек, бу борада Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эгалигини юксак баҳолади.
Учрашув натижасига кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, маҳсулотларни экспортга чиқаришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда «Ўзбекистонда боғдорчилик ва фермер хўжаликлари учун қишлоқ хўжалигини суғурталаш дастури» лойиҳасини янада такомиллаштириш борасида келишувларга эришилди. Бундан ташқари, 2026-2030 йилларга мўлжалланган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларни тақдим этиш ҳам кўзда тутилди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА