Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва АҚШ: ҳамкорликдаги лойиҳалар барқарор ва узоқ муддатли тараққиётга хизмат қилади
10:49 / 2026-02-24

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга амалий ташрифи доирасида эришилган келишувлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиққани эътироф этилмоқда.

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев шу ҳақда муносабат билдирди:  

– АҚШда Президентимиз томонидан ўтказилган учрашувлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Уч йиллик 35 миллиард долларлик Иқтисодий ҳамкорлик дастурининг амалга оширилиши, Инвестиция платформасининг ташкил этилиши ва қатор йирик лойиҳалар бўйича битимларнинг имзоланиши мамлакатимиз иқтисодиётини диверсификация қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва юқори технологияларни жалб этишда муҳим қадам бўлди.

Айниқса, энергетика, ўта муҳим минераллар, агросаноат, транспорт ва ахборот технологиялари соҳаларидаги ҳамкорлик мамлакатимиз ҳудудларининг инвестициявий жозибадорлигини янада оширади.  

АҚШ молия институтлари – Эксимбанк ва Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар барқарор ва узоқ муддатли тараққиётга хизмат қилади.

Шунингдек, мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида амалий кўмакни кучайтириш бўйича келишувлар халқаро иқтисодий интеграцияни жадаллаштиради.

Мазкур ташриф натижаларини юксак баҳолайман. Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликни ривожлантириш икки мамлакат тараққиётида муҳим ўрин тутади.  

Н.Абдураимова, ЎзА