French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Афғонистоннинг фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлиги кенгаймоқда
17:34 / 2023-10-30

Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дори препаратлари ва маҳсулотлари бўйича ҳамкорлик янада кенгаймоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги делегация Афғонистон билан ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Кобул шаҳрида бўлди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълумотига кўра, Афғонистон Халқаро бизнес марказида ташкил этилган “Made in Uzbekistan” кўргазмасида мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар намойиш этилди. Унда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбарияти ва масъул ходимлари ҳам иштирок этиб, 300 дан ортиқ тиббий маҳсулотлар намойиш қилинди.

Шунингдек, икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида “B2B” учрашувлари ўтказилиб, музокаралар олиб борилди. Кўргазмада 4000 га яқин тиббий маҳсулот тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.

Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика хизмати директори Ҳамид Фурмулий томонидан Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган дори препаратлари ва маҳсулотларини Афғонистонга етказиб бериш борасида рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш бўйича таклифлар берилди.

Бу масалада тиббий маҳсулотларни рўйхатга олиш ваколатига эга бўлган Афғонистон озиқ-овқат ва дори воситалари миллий уюшмаси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.

Учрашувлар доирасида Афғонистон тадбиркорлар маслаҳат кенгаши соғлиқ масаласи бўйича ўринбосари доктор Муҳаммад Ҳошим Ваҳааж билан ушбу мамлакатдаги хусусий шифохоналарга дори воситалари, тиббий буюм ва тиббий техникаларни юртимиздан экспорт қилиш, беморларни Ўзбекистонга даволашга юбориш масаласи муҳокама этилди.

Шунингдек, Ўзбекистондаги тиббий маҳсулотлар ва даволаш жараёнлари билан танишиш мақсадида Афғонистон делегацияси ташрифи амалга оширилиши бўйича келишувга эришилди. Бу борада Афғонистон делегациясига виза олиш масалаларида кўмак кўрсатилади.

Шу ўринда маълумот учун айтиш мумкин, 2022 йилда Ўзбекистоннинг 9 та дори воситалари ишлаб чиқарувчи компанияси томонидан Афғонистонда 141 номдаги тиббий маҳсулотлар рўйхатдан ўтказилган ва экспорт ишлари амалга оширилган.

Ўтказилган учрашувларда Кобул Савдо ва саноат палатаси кенгаш аъзоси Забиҳуллаҳ Момен Зада билан экспорт-импорт масалалари муҳокама қилинди.

Абдулазиз Рустамов, ЎзА